АҚШнинг янги администрацияси Вашингтон ҳамда «Толибон» ҳаракати ўртасида имзоланган келишувни қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани ТОLOnews телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

Ашраф Ғани, Афғонистон президенти

Фото: Reuters

Ашраф Ғанининг сўзларига кўра, АҚШ зудлик билан «Толибон» ҳаракати вакиллари билан имзоланган келишувни қайта ўрганиб чиқади. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон вакиллари Кобул билан мазкур битимдан келиб чиққан ҳолда маслаҳатлашувлар асосида «йўл харитаси»ни ишлаб чиқади.

Афғонистон президентининг фикрича Оқ уйга Жо Байденнинг келиши Кобул ҳамда Вашингтон ўртасидаги дипломатик муносабатларни янги босқичга олиб чиқади.

«Икки мамлакат ўртасидаги ҳукуматлараро муносабатлар шакли энг олий даражада бўлишига умид қиламан», – деган Ашраф Ғани.