Икки вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Конор Макгрегор (22-4) Дастин Порьенинг (26-6) хайрия фондига қанча маблағ ўтказгани маълум бўлди.
UFC 257 мусобақаси доирасидаги нигоҳлар тўқнашув маросими вақтида Порье хайрли ишга қўл уриб, ўзининг фондига пул ўтказгани учун Конорга миннатдорчилик билдирганди.
Маълум бўлишича, ирландиялик яккакурашчи Порьенинг фондига 500 минг доллар ўтказган. Буни Конорнинг жамоаси тасдиқлади. Пуллар ўтиш жараёнида бўлиб турибди.
Маълумот учун, Порье турмуш ўртоғи билан бирга «Яхшилик учун кураш» хайрия фондини ташкил қилган. Дастин жангларда ишлатилган буюмларни (либос, қўлқоп, капа ва бошқалар) аукционга қўяди, улардан тушган маблағлар эса хайрия йўлида сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, Порье ва Ҳабиб Нурмагомедов ўзаро жангдан кейин бир-бири билан либос алмашган, кейинчалик россиялик яккакурашчи уни аукционга қўйганди. Аукциондан тушган пулларни (100 минг доллар атрофида) Ҳабиб Порьенинг фондига ўтказиб берганди. Кейинчалик бу футболка Тошкентдаги BeFit машғулот залида сақланаётгани маълум бўлганди.
Макгрегор Тошкент вақти билан 24 январь тонгида UFC 257 мусобақасининг асосий жангида Дастин Порьега қарши октагонга кўтарилади. Мусобақа Тошкент вақти билан 05:00 да бошланади. Асосий кард жанглари эса 08:00 да бошланиши (аввалги жанглар қандай якунланишига қараб ўзгариши мумкин) режалаштирилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)