Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь, жума куни Тошкент шаҳри ва Юнусобод тумани фаоллари билан учрашувда туманнинг янги ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов ҳақида сўз юритди.
«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, давлат раҳбари Жаҳонгир Иброҳимовнинг Юнусобод туманига «янги куч» сифатида келганини таъкидлади.
«Иброҳимовни тажрибаси бор, уни Сирдарёда синаб келганман, Бектемирда ҳам тўрт ой ишлади. Бу ‘репетиция’ эди. Энди мана шу 352 минг аҳолиси бор туманнинг ҳокимига айланди. У Сирдарёнинг оғир кунларида вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаб, тажриба орттириб қайтди. Иброҳимов мусофирчиликни ҳам кўриб келди, у Тошкентнинг иссиқ сувлари, коттежлари, дўконлари, фаровон кўчалари, нурли чироқларини қадрига етади. Юнусободга янги куч келяпти ва бу керак эди. Унинг номзоди сессияда тасдиқланди. У энди аравани бошқача олиб, туманни ҳар жиҳатдан ўзгартиришга киришади. Бунинг учун ҳамма имконият бор», — деди давлат раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, агар Жаҳонгир Иброҳимовга маҳалланинг «ҳиди» ёқмаса, у ишдан кетади.
«Мен Иброҳимовга ё Юнусободда катта ишларни қиласан ёки ишончни оқламайсан, деган масала қўйдим. Шунинг учун у ‘раскладушка’ билан келди туманга. У ‘раскладушка’ни олиб ҳокимиятда ётмайди, сектор маҳалласида жамоаси билан бориб ётади. Агар унга маҳалланинг ‘ҳиди’ ёқмаса, кетади. Менга маҳалланинг ‘ҳиди’ ёқади. Маҳалланинг ‘ҳиди’ бу — халқнинг овози. Ана шундай ишласа, худо хоҳласа, режаларимиз, кўзлаган мақсадларимиз жой-жойига тушиб, амалга ошади, Юнусобод янада кўркамлашиб, ривожланади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)