АҚШ Конгресси Сенати амалдаги президент Дональд Трампга нисбатан импичмент масаласини кейинги давлат раҳбари Жо Байденнинг инаугурациясидан кейин дарҳол кўриб чиқишни бошлайди, деб хабар бермоқда «РБК» Politico газетасига таяниб.
Унинг маълумотларига кўра, сенаторлар қўзғолонга гижгижлаш бўйича Трампга қарши сурилган айбловларни 20 январь куни маҳаллий вақт билан 13:00 да (Тошкент вақти билан 23:00 да), Байден ўз лавозимига киришганидан кейин бир соат ўтиб, ўрганишни бошлаши мумкин. Бунинг учун Конгресс юқори палатаси 100 нафар аъзоларининг барчаси розилик бериши керак.
Шу билан бир вақтда сенаторлар Байден Америка маъмуриятидаги асосий лавозимлар учун илгари сурган номзодларни ҳамда унинг президент лавозимидаги илк ташаббусларини тасдиқлаши керак бўлади. Трампга импичмент эълон қилиш ҳақидаги масаланинг кўриб чиқилиши бу жараённи қийинлаштириши мумкин, деб таъкидлайди нашр.
Аввалроқ Байден сенат «импичмент бўйича ўз конституциявий мажбуриятларини амалга оширишни эплашига, шу билан бир вақтда миллатнинг бошқа шошилинч масалалари устида ҳам ишлаши»га умид билдирган эди. Бу билан у ички хавфсизлик вазири, давлат котиби, молия вазири ва бошқа лавозимлар учун номзодлар тасдиқланишини, шунингдек, вакцинация дастурларининг амалга оширилиши ва пандемия оқибатида жабр кўрган иқтисодиётни тиклашни назарда тутган эди.
Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл Трампга нисбатан импичмент унинг давлат раҳбари лавозимидаги муддати тугашидан олдин эълон қилинишини эҳтимолдан узоқ деб атади. Унинг сўзларига кўра, импичментга алоқадор барча жараёнлар, қоидалар ва сенат прецедентларини ҳисобга олганда, адолатли ёки жиддий суд жараёни Байден қасамёд қабул қилгунига қадар якунланишининг имконияти йўқ.
Аввалроқ Америка Конгрессининг Вакиллар палатаси АҚШ президенти Дональд Трампга нисбатан импичмент эълон қилиш учун овоз берди. Конгрессменлар Трампга нисбатан илгари сурилган исёнга даъват қилиш айбловини тасдиқлаган. Масала Демократик партиянинг кўпчилик овози (222 та) билан қабул қилинган, бундан ташқари, Республикачилар партиясининг 10 нафар вакили ҳам Трампга нисбатан импичмент эълон қилинишини маъқуллаб овоз берган.
Изоҳ (0)