Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида тўғридан-тўғри йўловчи ва юк ташиш авиарейсларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 12 август куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди Гонконгда жойлашган JDB Group Limited компанияси раис ўринбосари Чан Ман Хин билан Ўзбекистон, Гонконг ва потенциал халқаро ҳамкорлар ўртасидаги авиация соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.
Томонлар Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистонда Халқаро авиация академиясини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Гонконг вакиллари мунтазам йўловчи ва юк рейсларини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқди. Бу жараёнда Hong Kong Airlines хусусий авиакомпанияси устувор ҳамкор-оператор сифатида таклиф этилди.

Учрашувда муҳокама этилган яна бир муҳим масала Ўзбекистон ҳудудида халқаро авиация академиясини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Академия халқаро стандартлар (шу жумладан FAA ва IOSА) асосида учувчилар, техниклар, стюардессалар, ерусти ходимлари ва авиация менежерларини тайёрлайди.
Апрель бошларида Uzbekistan Airports ва China Southern Airlines компанияси ўртасида музокаралар бўлиб ўтганди. Унда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, мавжуд рейслар сонини ошириш ва Ўзбекистон аэропортларига янги йўналишлар очиш имкониятлари муҳокама қилинганди.
Изоҳ (0)