«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
1991 йил 26 декабрда расмий тарзда Совет Иттифоқи парчаланди ва постсовет маконида янги мустақил давлатлар пайдо бўлди. Постсовет ўлкаларида ҳозирга қадар Совет Иттифоқининг парчаланишида Михаил Горбачёвни асосий айбдор санашади. Аммо айримлар назарида коммунистик партия хиёнати мавжуд бўлмаганда эди, Горбачёвнинг эълон қилган ислоҳотлари иш бериши мумкин эди, деб ёзади The Foreign Policy нашри.
1989 йил май ойида Хитойнинг бош майдонида минглаб хитойликлар норозилик намойиши уюштирди. Уларнинг қўлларида «Биз демократия элчисини хуш кўрдик» деб ёзилган шиорлар кўзга ташланарди. Расмий Пекин эса мазкур норозилик намойишини бостириш учун ҳарбий қўшин юборди. Хитойликлар «демократия элчиси» деб атаган шахс эса на бир диссидент, на бир инсон ҳуқуқлари фаоли эди. У шахс 15 май 1989 йилда Пекинга расмий ташриф билан борган улкан мамлакатнинг раҳбари Михаил Горбачёв эди.
Горбачёв эълон қилган сиёсий дастур ғарб капитализми эмас, аксинча, социализмга асосланган бозор иқтисодиёти эди. Минглаб хитойлик талабалар советларнинг раҳбарини ўз кўзлари билан кўриш учун Хитой пойтахтига олис вилоятлардан йўлга чиққанди. Сабаби Горбачёв эълон қилган советча дастур хитойликларнинг ҳам орзу умидларини ўзида мужассам қилган, режали иқтисодиёт ва авторитар сиёсий режим билан янги минг йилликка қадам қўйиб бўлмаслиги барчага кундай равшан эди.
Горбачёвнинг Хитойга ташрифи Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасидаги совуқлашган муносабатларни қайта тикланишига белги берар ва расмий ташрифнинг икир-чикир тафсилотларига Хитой тарафи анча олдиндан тайёргарлик кўриб келарди. Шундай бўлса-да, Хитой ҳукуматида улкан мамлакатнинг раҳбарини қандай кутиб олиш борасида бир тайинли фикр йўқ эди.
Горбачёвнинг Хитой раҳбари Дэн Сяопин билан учрашуви ҳам Хитойда режали иқтисодиётдан воз кечилган ва бозор иқтисодиётига ўтиш бошланган даврига тўғри келганди. Хитойлик амалдорлар эса Горбачёв қандай қилиб иқтисодий ислоҳотларини демократияга ҳамоҳанг тарзда олиб бориши борасида ўйланганидан тинчини йўқотганди. Устига устак Тянмен майдонига йиғилганлар ҳам ўз ҳукуматларидан Совет Иттифоқидан ўрнак олган ҳолда сиёсат юритишини талаб қилишни бошлаганди.
Тянмендаги қатағонлар бошланишидан сал аввалроқ совет раҳбари ўз нутқида «иқтисодий ислоҳотларни сиёсий режимни ўзгартирмасдан туриб амалга ошириб бўлмаслиги» ҳақида сўзлайди. Авторитар хитойлик сиёсатчилар эса мамлакатдаги вазият янада кескинлашишидан чўчиган ҳолда Горбачёв нутқини радио орқали эфирга узатилишига тўсиқ қўйди.
1980 йиллар охирига келиб Горбачёв Совет Иттифоқида коммунистик мафкура ўрнатган давлатни сиёсий монополлаштирган режим билан узоққа бориб бўлмаслигини яхши англаганди. Бироқ Дэн Сяопин ва унинг сиёсий ҳаммаслаклари Хитойдаги мавжуд вазиятни сиёсий жангларсиз бой беришни истамасди. Горбачёв Пекиндан кетиши билан Хитой коммунистик партияси мамлакатда кескин чоралар кўришни бошлаб юборди.
4 июнь санасида Тянмендаги норозилик намойиши қамчи билан бостирилди, бир неч юз одамлар ҳаётдан кўз юмди. 16 июнь санасида Дэн Сяопин коммунистик партия йиғилишида «Хитой социалистик тузумдан ортга чекинмаслигини, айнан бир партияли социализмгина Хитойнинг халоскори бўлиши ва мамлакатни тараққий этган мамлакатга айлантириши» ҳақида нутқ сўзлайди.
Хитой Совет Иттифоқида юз бераётган сиёсий воқеаларни кузатар ва шу билан авторитар бошқарувни дастаклаган ҳолда секин-аста бозор иқтисодиётига ўтишни бошлади. Совет Иттифоқида эса сўз эркинлиги, кўп партиявийли сайловларни жорий қилар экан, секин-аста мамлакат иқтисодий таназзулга юз тутди. Охир-оқибатда эса Совет Иттифоқи парчаланиб кетди. Иқтисод абгор аҳволдан қутула олмай келмоқда, демократия эса Россияда ҳамон ўз ўрнини топа олмади.
90 йиллар бошидаги Хитой ва Россия ўртасидаги фарқлар шунда эдики, Совет Иттифоқида сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва эркин сайловлар бўлса, Хитойда авторитар режим пойдевори кучайтирилди. Бугун эса Россияда яна авторитар режимга асосланган бозор иқтисодиёти амалда. Иккинчидан, Совет Иттифоқи либерал иқтисодий ислоҳотлар ортидан иқтисодий инқирозга дуч келди, Хитойда Тянмен исёни бостирилгандан сўнг иқтисодий инқироз қисқа давом этди ва Хитой ўз иқтисодиётини жиловлашга эришди. Горбачёв эса Совет Иттифоқидаги бюджет танқислигининг олдини ололмади, бюджет танқислиги хориждан кредит олиш ва пул зарб қилиш билан ҳам янада кенгайишда давом этди.
1991 йилда бир қатор исёнчилар Горбачёвни Қримдаги дачасида қамаб қўйиб, ҳокимиятни ўз қўлига олишга эришди. Исён бостирилди, аммо Горбачёвнинг сиёсий иродаси билан эмас, аксинча, сиёсий кучларни ҳаракатга келтира олган Борис Ельцин шарофати билан. Горбачёв эса Қримдаги дала ҳовлисидан Ельциннинг амалга ошираётган ишларини жимгина кузатарди. Орадан тўрт ой ўтиб, 26 декабрь санасида Совет Иттифоқидек улкан давлат тарихига нуқта қўйилди.
Горбачёв демократияни татбиқ қилишни истар экан, Совет Иттифоқида кўп йиллардан бери ҳокимиятдан манфаатдор бўлган гуруҳларнинг интилишларини ҳисобга олмади ва исённинг юз беришига йўл қўйиб берди. Дэн Сяопин эса Хитойдаги элита билан тил топишди ва ўз сиёсатини амалга оширишда улар кўмагидан фойдаланди ва тараққий этди.
Капитолийнинг босиб олиниши – АҚШ тарихидаги энг қора кунлардан бири
Энг янги АҚШ тарихида мисли кўрилмаган воқеа содир бўлди. Президент Дональд Трамп тарафдорлари пойтахт Вашингтонда дунё жамоатчилигини ларзага келишига сабаб бўлган ҳаракатни содир этди ва Капитолий биносини куч билан эгаллаб олди. Аксар мамлакатларнинг ўнг ва сўл сиёсий гуруҳларига мансуб бўлган оммавий ахборот воситалари бу ҳаракатни демократияга ҳужум сифатида баҳолади. Трамп эса катта сиёсий хатоликка йўл қўйди, деб ёзади The Times нашри.The Times газетаси тарихга мурожаат қилган ҳолатда бутун жамоатчиликка АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон ҳам икки муддат президент бўлгач, ҳокимият тепасида қолиши мумкин бўлса-да, ўз ихтиёри билан президентликдан кетганини ёдга солиб қўйди. Ваҳоланки, 1951 йилда АҚШда президентликни икки мартадан кўп эгаллаш мумкин эмас, деган чеклов борасида конституцияга ўзгартириш киритилган. Бу чекловга америкаликлар конституцияга киритилган 22 ўзгартириш деб ном берган эди.
Газетада келтирилган мақолада Жорж Вашингтон монарх бўлиб қолишни истамагани учун ва кўплаб танқидларга қарамасдан президентлик лавозимини бошқа шахсга ўз ихтиёри билан топширгани ёзилади. Шу даврдан бери АҚШда сиёсий жараёнларда зўрликка асосланган намойишлар эмас, аксинча, қонун устувор бўлиши амалда бўлиб келди.
Дональд Трамп эса президентликнинг биринчи муддатидаёқ раҳбарлик тестидан ўта олмади. Қолаверса, кучга асосланган норозилик исёнини қанот ёйишига туртки ҳам берди. Трамп исёнчиларга қарата видео мурожаат йўллаган бўлса-да, бу чиқиш анчайин кечикиб содир бўлди. Жорж Вашингтонни ҳақиқий раҳбарлик ва етакчилик салоҳияти учун эслаб қолишган бўлса, Трампни ўз мажбуриятларини бузган шахс сифатида эслаб қоладиган бўлишди, деб ёзади The Times.
The Guardian нашри эса Трамп давлат тўнтариши уюштиришга уриниб кўрди, деб ёзди. Газетадаги мақола муаллифининг фикрича, Трамп Байденга ўз ваколатини эгаллашига қарши ҳаракат қилди ва унинг янги маъмуриятини заифлаштиришга уринди.
Демократия бу сиёсий келишув бўлиб, натижа қандай бўлишидан қатъий назар демократик тизимда қарор биргаликда қабул қилинади. Капитолий тепалигида юз берган зўравонлик авторитар режимларга хос бўлган жиҳатдир. Газетада баён қилинган фикрга кўра, Вашингтонда бўлган мудҳиш воқеалар бу кўпчиликнинг иродасини озчиликка бўйсундириш ҳаракатидир.
The Independent нашри Капитолийдаги воқеалар ҳақида сўз юритар экан, Трампнинг бир вақтлар мен Американи учинчи дунё давлатига айлантираман, деган фикрларини эсга солиб қўйди. Трампнинг ўзи эндиликда омма эҳтироси билан ўйнашиб, сиёсий барқарорлик мавжуд бўлмаган давлатларда юз берадиган воқеанинг АҚШда юз беришида бош айбдор бўлиб қолди.
Капитолий биносидаги қонуншунослар 1876 йилдаги воқеани синчиклаб таҳлил қилиб, АҚШнинг асосчи оталари нимани назарда тутганини таҳлил қилаётган пайтда, ташқарида бир тўда болшевиклар ихлосмандлари «Қишки сарой»ни эгаллаб олишга уринаётганди. 1917 йилдаги Петроградда юз берган воқеалардан фарқли равишда, Капитолийдаги инқилобчилар мармар устунлар ёнида селфи қилиш билан овора эди. Капитолийда юз берган воқеалар америкаликларга эндиликда нима учун Трампни ҳокимиятга қайта яқинлаштириб бўлмаслиги ҳақида эсга солиб туриши керак.
The Daily Telegraph нашри эса АҚШ пойтахтида юз берган воқеалар ҳақида ёзар экан, Трамп ва республикачилар партияси ўртасидаги муносабат эндиликда қандай бўлиши ҳақида фикр юритди. Юқори мартабали республикачилар Трампни қўллаб қандай бало сандиғини очиб қўйгани ҳақида бош қотираётган бўлса ажаб эмас. Улар ўз саволларига бугун конституцияни назарга илмайдиган қандай қилиб бўлса-да, ҳокимиятда қолишни мақсад қилган шахс мисолида аниқ билиб олди.
Капитолийдаги нохуш воқеа эса «трампизм» ҳали йўқ бўлмаганини билдиради ва Трамп кейинда ҳам оз сонли трампчилар билан ҳали кўп муаммо туғдириши тайин. Эҳтимол, Трамп «Мен Оқ уйни қисқа муддатга тарк этяпман», деган хаёлда юрган ҳам бўлиши мумкин. Республикачи сенатор Митч Макконел эса АҚШда демократия ҳали зўравонликка куч берган қонли исканжага тушиши мумкинлигидан огоҳлантиради, деб ёзади The Daily Telegraph.
The New York Times нашри эса Трампнинг ҳокимият тепасига келиши алам, айирмачилик ва фитналар билан бошланган бўлса, унинг кетиши ҳам мағлубиятга учраган аламзада оломоннинг Капитолийни эгаллаши билан якун топмоқда деб ёзди. Улар назарида, АҚШ гўёки қандайдир бир авторитар мамлакат.
2021 йилнинг 6 январда АҚШ тарихидаги энг қора кунлардан бири сифатида тарихда қоладиган бўлди. Мазкур сана ҳокимият алмашинувининг тинчлик йўли билан амалга ошиши ўрнига президент Трампнинг исёнга чақириқлари билан оломоннинг вакиллар палатаси деразаларини синдирилиши куни сифатида тарихда қоладиган бўлди.
Вашингтонда – демократия ўзаги бўлган Капитолийда бундай воқеанинг содир бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Полициячилар ўз тўппончаларини норозилик намойишчиларига қарата уларнинг бинога киришлари учун тўсқинлик қилмоқда. Бинода кўздан ёш оқизувчи газ ҳам ишлатилмоқда. Қонуншунослар эса бино ичкарисида қутурган оломон қўлига тушмаслик учун беркинишга мажбур. Исёнчилар сенатдаги вице-президент ва вакиллар палатаси спикери ўриндиғида ўтириб олиб кўнгли тусаган ишни қилмоқда. Мазкур воқеа сабаб АҚШни «банан республика» билан менгзамоқда.
Трамп тарафдори бўлган The Fox News телеканали ҳам Капитолийнинг ишғол қилинишини бу сафар ҳазм қила олмади. The Fox News шарҳловчиси Дерой Мердок ишғолни саботажнинг энг олий чўққиси сифатида баҳолар экан, «Бу аҳмоқлар Трампнинг ташқи ва ички сиёсатда эришган ютуқларини бир тийин қилмоқда», деб фикр билдирди.
Америкалик ўрта табақа вакилларининг энг юқори даромадга эга бўлиб тургани, қисқа фурсатда иккита коронавирусга қарши вакцина яратилгани, қашшоқлик даражаси энг паст бўлган даврдаги президент ҳақида гап кетганда, эндиликда «Анави ярамасми тарафдорлари Капитолийни ишғол қилган?» деб эслашадиган бўлди, деб ёзади Дерой Мердок.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)