Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган «Чилонзор буюм савдоси комплекси»га қарашли «Дўстлик» бозори ёнидаги автотураргоҳдан 7 январь куни тонгда эркак кишининг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Чилонзор прокуратураси томонидан тергов олди текшириш ҳаракатлари давомида жасади топилган эркак Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида яшовчи 43 ёшли Ғ.Х. экани аниқланди. Тиббий экспертиза хулосасига кўра, эркакнинг ўлимига юрак чап қоринча миокард инфаркти, юрак ёрилиши, юрак тампонадаси сабаб бўлган.
Сирдарёлик эркак қандай юмуш билан «Дўстлик» бозорида бўлгани ҳозирча номаълум. Унинг вафоти ҳақида хабар берган «Дарё» муштарийлари эркакнинг ўлимига совқотиш сабаб бўлганини тахмин қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ИИББ совуқда бошпанасиз қолган кишилар ҳақида 71-281-90-32 рақами орқали хабар беришга чақирди. Сўнгги икки кун ичида ИИББ ходимлари 35 дан ортиқ уйсиз одамни топиб, уларни «Меҳр-саховат» уйида бошпана билан таъминлаган.
Изоҳ (0)