АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп аппаратининг раҳбари, Оқ уй собиқ матбуот котиби Стефани Гришэм истеъфога чиқди. Бу ҳақда Оқ уй вакилига таяниб Meduza хабар берди. Протокол масалалари бўйича котиб Рикки Нисета ҳамда Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Сара Мэттью ҳам шу каби қарорларни қабул қилган.

Фото: EPA

CNN’нинг таъкидлашича, Нисета ва Гришэм Трамп администрациясида анча йиллардан буён ишлаб келган. Гришэм Трамп билан 2015 йилги сайловолди кампанияси даврида бирга ишлашни бошлаган, Нисета эса президент администрациясида 2017 йилдан буён фаолият кўрсатаётган эди.

Трамп администрациясининг ходимлари АҚШнинг амалдаги президенти тарафдорлари 6 январь куни Конгрессга бостириб кирганидан сўнг истеъфога чиқа бошлади. Конгресс йиғилишида ноябрдаги сайловларнинг якуни тасдиқланиши керак эди.

Аввалроқ Америка ҳукумати аъзолари Дональд Трампни муддатидан аввал ҳокимиятдан четлаштириб, давлат раҳбари ваколатларини вице-президент Майк Пенсга топшириш имкониятини муҳокама қилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Маълумот учун, 2021 йил 20 январь куни сайланган давлат раҳбари демократ Жо Байден ўз лавозимига киришиши керак. Декабрь ўрталарида сайловчилар ҳайъати Трампнинг сайловдаги бош рақибини Американинг 46-президенти деб эълон қилди. Байден сайловчилар ҳайъати аъзоларининг 300 дан ортиқ овозини, амалдаги президент эса 230 дан зиёдроқ овозни қўлга киритди. Байденнинг инаугурацияси анъанага кўра Вашингтонда бўлиб ўтади.