Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни парламентга мурожаат билан чиқиш чоғида маҳалла раисларини керак бўлса ҳоким қилишга ҳам тайёрлигини билдирди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, маҳаллаларда ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилиши, эндиликда маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарларини ҳам тизимли равишда тайёрланиши керак.
«Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади. Давлат академиямизга (Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси — таҳр.) топшириқ бўлди, энди маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарларини ҳам тизимли тайёрлаймиз. Ургут, Шаҳрихонга ўхшаш катта-катта туманларимизда етти минг, саккиз минг аҳоли яшайдиган маҳаллаларимиз бор. Ўшалардаги маҳалла раисларини керак бўлса ҳоким қилишга ҳам тайёрман», — деган Президент.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган.
Аввалроқ «Маҳалла раиси — ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилиши маълум қилинганди. Шунингдек, туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб бориши режалаштирилган.
Изоҳ (0)