Германиялик учувчи Сэмми Крамер коронавирусга қарши оммавий вакцинация бошлангани муносабати билан самолёт ёрдамида осмонда шприц шаклини тасвирлади, деб хабар беради Reuters.
Парвоз ўтган ҳафтада амалга оширилган. Осмонда шприц шаклини «чизиш» учун 20 ёшли учувчи 200 километр масофани босиб ўтган, «шприц»нинг узунлиги 70 километрни ташкил этади.
Крамернинг айтишича, бу каби маршрутни у GPS қурилма ёрдамида режалаштирган. Учувчи ўзининг акциясини эмланишга даъват сифатида қабул қилмасликларини сўраган, у фақатгина тез орада вакцинация бошланишини эслатиб қўйишни ва одамларни бу борада ўйлашга чақирмоқчи бўлган. «Балки, бу шунчаки хурсандчиликдандир, чунки авиация соҳаси пандемиядан жиддий зарар кўрди», — дея қўшимча қилади Крамер.
Германия ва бошқа Ервопа мамлакатларида оммавий вакцинация 27 декабрь куни бошланди. Европаликлар Pfizer ва BioNTech ҳамкорлигида яратилган вакцина билан ихтиёрий ва бепул эмланиши мумкин. Германияда эмлаш дастлаб кекса фуқаролардан бошланади.
Изоҳ (0)