Sling Pilot академиясининг учувчилари Калифорниядаги машғулот зонасида ўтказилган синов парвозлари вақтида номаълум учар жисмга дуч келди. The Drive муаллифлари мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида гувоҳлар билан боғланган.
Ушбу ноодатий ҳодисада иштирок этган учувчилардан бирининг сўзларига кўра, улар академиядан Санта-Каталина оролига қараб стандарт маршрут бўйича ҳаракатланаётган бўлган. Парвоз вақтида улар ҳаводаги ноодатий объектга дуч келган. У реактив кийим кийиб олган йигитга ўхшаш бўлиб, тахминан 1 километр баландликка кўтарилгач самолётнинг ўнг томонидан учиб ўтган ва кўздан йўқолгунга қадар парвозни давом эттирган.
Мазкур объект билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган. Машғулот зонасида фойдаланиладиган радиоканал орқали у ҳақида ҳеч ким огоҳлантирмаган. Бошқа ҳеч қандай маълумотлар бўлмагани сабаб учувчилар расмий ҳисоботни тақдим этмаган. Бироқ улар ҳолат тасвирланган видеони ижтимоий тармоққа жойлаштирган.
https://www.instagram.com/p/CJHqWoeBiLr/
Реактив кийим ёрдамида океан узра парвоз қилаётган йигит 3000 фут баландликка кўтарилган. Ҳозирда жуда кам масофага парвоз қилишга қодир реактив кийимлар мавжуд, шунингдек, улар парвоз учун жиҳозланмаган, айниқса, бу каби баландликда уча олмайди.
Тахминларга кўра, видеода реактив кийимдаги бирор дрон-манекен тасвирланган бўлиши мумкин. Шунда бир савол юзага келади: Буни амалга ошириш кимга керак? Бундан ташқари, бу каби трюкни бажариш арзонга тушмайди. Ушбу ҳолатда аппарат аҳоли пункти устидан ҳам учиб ўтмаган, у денгиз устида бўлган, шу сабаб парвоз ҳолатини назорат қилиш янада қийинчилик туғдирган бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг сентябрь ойида American Airlines учувчиси Лос-Анжелесга қўнишни амалга ошириш вақтида реактив кийимдаги номаълум эркакка дуч келганини сўзлаб берганди.
Изоҳ (0)