Ўзбекистоннинг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун Президент томонидан имзоланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 баравари (11 миллион 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солса уни тарқатган шахс БҲМнинг 100 бараваригача (22 миллион 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 400 бараваригача (89 миллион 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда туҳмат ва ҳақорат учун енгилроқ жазолар белгиланиши кутилаётгани ҳамда Ўзбекистондаги сайтлар ва блогерларга изоҳларда қолдирилган тақиқланган маълумотлар бўйича хабарнома юборилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)