Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматқулов Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи расман камбағал ҳисобланиши ва камбағалликни белгилаш мезонлари нималардан иборатлиги тўғрисида маълумот берди, деб хабар қилади «Kun.uz».
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил бошида мамлакатда камбағаллик даражаси 12—15 фоиз атрофида эканини айтганди.
«Гап 4—5 миллион аҳоли вакиллари ҳақида кетяпти. Бу — жуда катта рақам», — деган эди давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида.
Илҳом Маматқуловнинг сўзларига кўра, ушбу рақам пандемия туфайли 2020 йилда 1,5 бараварга ошган.
«Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, базавий истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, аҳолининг камбағаллик даражаси йил бошида айтилган кўрсаткичга нисбатан сезиларли даражада ошган», — дейди департамент директори.
Илҳом Маматқулов камбағал аҳоли сонини аниқлаш ва мезонларни ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётгани, бу борадаги ишлар якуний босқичда эканини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, камбағалликни ўлчаш бўйича методикалар турлича. Вазирлик қай бирини танлагани ва умуман шу мавзуга доир бошқа масалалар тегишли ҳужжат қабул қилинишидан олдин кенг муҳокамага чиқарилади.
Маълумот учун, сентябрь охирларида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимовнинг Ўзбекистондаги камбағалларнинг 7 фоизида диплом борлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)