Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Малика» савдо мажмуасида 21 ёшли ва 27 ёшли икки йигит ўртасида юзага келган жанжал пичоқбозлик билан тугади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 декабрь куни соат 13:40 да Шайхонтоҳур тумани «Тахтапул» маҳалласи Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган «Малика» савдо мажмуасининг асосий кириш дарвозаси олдида 21 ёшли Саидаҳмад Х. 27 ёшли Рустам М. билан жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида Саидаҳмад Х. қўлидаги «пакки» пичоғи билан Рустам М.нинг бел ва ўнг лунж соҳасига тан жароҳати етказган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Рустам М.нинг танасида бел соҳаси чап ярми санчиб кесилган жароҳати, ўнг лунж соҳаси кесилган жароҳатлари мавжудлиги, улар ўртача оғир тан жароҳатлари эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди (совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Малика» савдо мажмуасида 2018 йилда ҳам икки марта пичоқбозлик юз берганди.