1983 йил 19 декабрдан 20 декабрга ўтар кечаси Рио-де-Жанейрода Жюл Римет мукофоти, Жаҳон чемпионати ғолибининг кубоги (1970 йилгача) ўғирланди. Кубок махсус пўлатдан ва олд томони ўқ ўтмас шишадан ясалган махсус шкафчадан чиқариб ўғирлаб кетилди. Ўғрилар топилган бўлса-да, кубок жойига қайтарилмади. Спорт оламида даҳшатли шов-шувга сабабчи бўлган ушбу ҳодиса тафсилотлари ҳақида гаплашамиз.
1930 йилда парижлик заргар Абель Лефлер Халқаро футбол федерацияси президенти Жюл Риметнинг буйруғи билан Жаҳон кубоги ғолибларига берилиши керак бўлган кубокни тайёрлади. Кубок қадимги юнонларнинг ғалаба маъбудаси Ника ҳайкали бўлиб, қўлида қадаҳ кўтариб турган эди. Соврин соф олтиндан қуйилган ва вазни 1 кг 800 г (оникс пойдевори билан 4 кг) ни ташкил этарди.
«Олтин маъбуда»
Жюль Римет ФИФАнинг учинчи президенти бўлган ва айнан у дунё бўйлаб биринчи футбол мусобақасини ўтказиш тўғрисида битим имзолаган эди. Бир йил ўтгач, кубок аллақачон ўз эгасини топди – Уругвай жамоаси биринчи ғолиб бўлди. Иккинчи жаҳон уруши охирида мукофотга Рим номи берилди.1930 йилги Жаҳон кубогида яратилган ва «Ғалаба» деб номланган Жюль Римет мукофоти, маъбуда Никани узатилган қўлларида саккиз бурчакли қадаҳни ушлаб тургани тасвирланди. Қимматбаҳо мукофот француз ҳайкалтароши Абель Лефлер томонидан амалга оширилди.
Олтин ва кумуш кубокнинг бўйи 30 сантиметр баландликда эди. Маъбуда фигураси 1,8 килограмм ва лапис лазулидан ясалган таглик билан бирга, кубок оғирлиги 3,8 килограммни ташкил этарди. Шаклнинг тўртта асосига қуйма олтин плиталар ўрнатилган бўлиб, уларга 1930–1970 йиллардаги жаҳон чемпионлари: Уругвай, Италия, Германия, Англия ва Бразилия номлари ўйиб ёзилган эди.
1970 йилда Мексикада бўлиб ўтган тўққизинчи чемпионат якунида Бразилия терма жамоаси кетма-кет ғолиблик совринини учинчи бор қўлга киритди, шундан сўнг ўша пайтдаги амалдаги қоидаларга кўра кубок ғолиблар билан абадий қолди.
Ўғрилик тафсилотлари
«Олтин маъбуда»нинг тақдири аввал ҳам бир неча бор ўғриликни бошидан кечирган эди. Ўзининг тарихи давомида мукофот уч марта ўғирланган: 1938, 66 ва 70 йилларда.Иккинчи жаҳон уруши бошланганда Чемпионат кубогини амалдаги 1938 йилги жаҳон чемпионлари – италияликлар сақлаб қолди. Ўша пайтда Италия футбол федерациясининг президенти бўлган Отторино Барасси мукофот нацистларга насиб қилиши мумкинлиги сабабли кубокни ўғирлашга қарор қилди. Барасси Олтин маъбуда аёлни банкдаги кассадан олиб чиқиб, ўзининг ётоқхонасидаги каравоти остидаги пойабзал қутисига яширди. Бироқ бу ўғрилик бир мунча ижобий якунланди. 1950 йилда Жюль Римет кубоги янги чемпион – Уругвай терма жамоасига топширилди.
Иккинчи ўғрилик 1966 йил 20 мартда Буюк Британияда, Жаҳон чемпионатидан уч ой олдин содир бўлди. Кейин кубок Вестминстер аббатлигига туташ залда намойиш этилди. Мукофот кеча-кундуз қўриқланди, шунга қарамай, ўғри бино ичига кириб, Жаҳон кубогини ўғирлади. Бундан ташқари, кубок ўғриси кейинчалик 15 минг фунт миқдорида тўловни талаб қилди.
Шармандаликка йўл қўймаслик учун мезбон давлат мукофотнинг дубликатини тайёрлади, аммо бу ўғриликни яшира олмади. Чемпионат бошланишидан сал олдин Дэвид Корбетт исмли киши Лондоннинг жанубида ити билан юрган эди. Пиклз исмли ит буталар орасидан бир ғалати буюмни топди, уни синчковлик билан текширганда худди ўша «Олтин маъбуда» бўлиб чиқди. Корбетт футбол мухлиси сифатида кубокни ташкилотчиларга қайтариб берди, бунинг учун эркак ҳам, ит ҳам мукофот олди. Кўп йиллар ўтгач, ўша ясалган шошилинч нусхаси ҳам кимошди савдосида сотилди. ФИФА уни 254 минг фунтдан ортиқ нархга сотиб олди.
Учинчи ўғрилик Риода содир бўлди. Ўшанда Бразилия учинчи марта чемпионликни қўлга киритиб, кубокни ўз қўлида абадий сақлаш ҳуқуқини қўлга киритди. Кубок Бразилия футбол конфедерациясининг қароргоҳидан ўғирлаб кетилди. Кечаси миллий ғалаба кубогини атиги битта қоровул қўриқлар эди. Ўша қоровулни 1983 йил 20 декабрга ўтар кечаси Кубок ўғрилари ишларини амалга оширгач, воқеа жойида қўл-оёқларини боғлашгач, барча хоналарга калитларни қўлга киритди. Ўғрилар Хулита Коутинонинг президентлик офисига кириб, деворга ўқ ўтказмайдиган махсус металл билан маҳкамланган улкан сейфни бузиб, ичидаги Кубокни ўғирлайди. Шундай қилиб, Жюль Римет кубоги абадий йўқ бўлиб кетди.
Янги кубок
Янги ва таниқли футбол кубоги 1974 йилги футбол чемпионати учун қилинган эди. Кубок яратишга тайёргарлик икки йил олдин бошланди. Бу сафар Халқаро футбол федерацияси чемпионлик совринини яратиш учун мусобақа ўтказишга қарор қилди. Шундай қилиб, 53 компания бебаҳо совриннинг муаллифи бўлиш ҳуқуқи учун танловда қатнашди. Қуръа ғолиби ўша пайтда Бертони бадиий раҳбари бўлган Сильвио Газзанига исмли ҳайкалтарошга насиб қилди.Тақдим этилган Кубок Ерни ушлаб турган иккита инсон қиёфасида. Бўйи 36 сантиметр бўлган кубокнинг ўзи тагига малахитдан ясалган стендга қўйилган. Ҳаммаси бўлиб Кубок 6 018 граммни ташкил этди, унинг беш килограмми соф олтиндан иборат.
2006 йилгача кубок ғолиб бўлган мамлакатларга топширилди. Бугун чемпионатларда ғолиб учрашувдан сўнг дарҳол совринни олади ва маросимдан сўнг ФИФАнинг штаб-квартираси жойлашган Цюрихга қайтади. Шу билан бирга, Бертони ғолиб жамоа учун кубокларнинг олтин билан қопланган нусхаларини тайёрламоқда. Бертони заргарлари ҳам асл нусхасидан фарқ қилмаслигини синчиклаб текширади ва ишонч ҳосил қилади. 2006 йилда асл нусхаси бутун дунё бўйлаб саёҳатни бошлади.
Кубок муаллифи тақдири
УЕФА Европа Лигаси, УЕФА Суперкубоги ва Жаҳон кубоги дизайнери ва яратувчиси Сильвио Газзанига 95 ёшида 2016 йил ноябрда она шаҳри Миланда вафот этди. Газзанига Бертони устахонасида футбол кубокларини лойиҳалаш бўйича олиб борган ишлари миллионлаб одамларни илҳомлантирди ва футболга бўлган муҳаббатни оширди.Абдулазизхон Акрамов тайёрлади.
Изоҳ (0)