Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовга юридик шахсларга ер участкаси ажратишда қонунни бузгани учун ҳайфсан берилди. Бу ҳақда 17 декабрь куни бош вазир Абдулла Ариповнинг тегишли фармойиши чиқарилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Фармойишда айтилишича, Тошкент вилояти ва Қибрай тумани ҳокимларининг юридик шахсларга ер участкаси ажратиш юзасидан қабул қилган қарорларида қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш, шунингдек, бу борада ҳудудлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини янада ошириш мақсадида ҳокимларга интизомий жазо берилган.
«Хусусан, Тошкент вилоятининг ҳокими Рустам Холматов ва Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимовга ҳайфсан интизомий жазо чораси эълон қилинди ҳамда улар келгусида бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда эгаллаб турган лавозимида қолиши масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди», — дейилади ЎзА хабарида.
Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланди.
Изоҳ (0)