Андижон, Сурхондарё, Хоразм Соғлиқни сақлаш бошқармасига янги бошлиқ ҳамда Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига янги биринчи ўринбосар тайинланди, дея хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Унга кўра, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоевнинг тегишли буйруғи билан Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи вазифасида ишлаб келган Салоҳиддин Юсупов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Салоҳиддин Юсупов ўз фаолияти давомида Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи лавозимида ишлаб келган Комил Абдувоҳидов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Комил Абдувоҳидов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиали директори, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиали раҳбари вазифасида ишлаб келган Иноят Ҳожиев Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Иноят Ҳожиев ўз фаолияти давомида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, кейинчалик янги ташкил қилинган Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг раиси каби масъул лавозимларда ҳам фаолият юритган.
Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги тиббий ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли «Қарши санаторийси» бош врачи вазифасида ишлаб келган Шавкат Мамадиев Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Шавкат Мамадиев ўз фаолияти давомида Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали врач-эндоскописти, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил этиш бўлими бошлиғи каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.
Аввалроқ Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинлангани, шунингдек, Хива ва Урганчга янги ҳоким тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)