Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди. Унда Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров 2020 йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан ҳисобот берди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.
Мурожаатда шаҳар ҳокими ҳудудда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш (газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминотини яхшилаш) борасида амалга оширилган лойиҳалар, жалб қилинган инвестициялар, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми, яратилган иш ўринлари, фойдаланишга топширилган лойиҳаларни ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларининг, жумладан бюджет даромадларининг ошишига қўшган ҳиссаси ва натижадорлиги ҳақида тўхталган.
Ҳоким Ҳайдаровнинг маълум қилишича, жорий йилнинг январь-октябр ойлари давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион 799 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 117,4 фоизга етган. Ташқи савдо айланмаси эса 303 миллион доллар этиб, ўсиш сурати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,3 фоизни ташкил қилган. Шу кунга қадар 60,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Импорт ҳажми эса 272,9 миллион долларни ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган импорт ҳажми 609 долларга етган.
Шаҳар ҳокими ҳисоботи давомида халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш хажми, қурилиш ишлари, чакана савдо айланмаси, хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам ўсиш кузатилганини қайд этган.
«Иш жойларини ташкил этиш ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали ишсизлик даражаси ва норасмий бандлар сонини камайтириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан тасдиқлаб берилган Давлат дастурига асосан жорий йилда 6409 та янги иш ўринларини яратиш белгиланган бўлса-да, турли бизнес лойиҳаларни амалга оширишимиз натижасида шу кунга қадар 7401 нафар юртдошимиз бандлигини таъминлашга эришдик. Энг қувонарлиси ишга жойлашганларнинг 2506 нафарини аёллар, 1518 нафарини эса ёшлар ташкил қилади», — деди Баҳром Ҳайдаров.
Сессияда «темир дафтар»га киритилган оилалар, уларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича кўрилган чоралар, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати натижалари, «аёллар» ва «ёшлар дафтар»ларини шакллантириш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилган.
«Айни пайтда шаҳримиздаги мавжуд 83 та маҳалладаги 70 917 та хонадонда 441,7 минг нафар фуқаро истиқомат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир маҳаллага депутатлар, шаҳар фаоллари ҳамда иқтисодий комплекс ходимлари бириктирилган. Улар билан биргаликда хонадонма-хонадон кириб аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб чиқдик. Шуни алоҳида қайд этишимиз лозим, биргина ‘аёллар дафтари’ ҳамда ‘ёшлар дафтари’ни шакллантириш давомида ўтказилган хатлов натижасига кўра, 5 та соҳага тааллуқли 23 та йўналиш бўйича 19 мингга яқин муаммолар борлиги аниқланган. Уларни ҳал этиш бўйича чораларни кўрмоқдамиз.
Тўғрисини айтиш керак, ўтган йилларга нисбатан жорий йил давомида аҳолининг муҳтож қисми билан кўпроқ мулоқотда бўлдик. Тан олиш лозим, Президент ‘темир дафтар’, ‘аёллар’ ва ‘ёшлар дафтари’ни тузиш топшириғини бермаганда, ўзимиз бепарво бўлиб юраверардик. Шу вақтга қадар муҳтож одамлар ҳолидан хабар олмаган эканмиз. Бу ҳам бўлса бизнинг айбимиз. Аҳолининг барча қатламини қамраб олиш мақсадида тузилган дафтарлар туфайли аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш ҳам йўлга қўйдик. Бу ишларни келгуси йилларда ҳам тизимли йўлга қўйиш ниятидамиз. Мақсадимиз халқимиз биздан рози бўлсин», — деди Баҳром Ҳайдаров.
Изоҳ (0)