Халқаро EuroMillions лотереясида 11 декабрь куни рекорд жекпот ўйналди — ғолиб 200 миллион евро ютиб олди, деб хабар бермоқда Meduza.
Лотерея ташкилотчиларининг маълум қилишича, ютуқли чипта ғолиби Францияда яшайди. Ҳозирча у ютуқни олиб кетиш учун мурожаат қилмаган. Бунинг учун унда 60 кун вақт бор.
Ғолиб бешта асосий рақам ва иккита қўшимча рақамларни тўғри топган.
EuroMillions — Буюк Британия, Ирландия, Франция, Испания, Португалия, Бельгия, Люксембург, Швейцария ва Австрияда бўлиб ўтадиган йирик халқаро лотереядир. Аксарият мамлакатларда стандарт чипта нархи 2,5 еврога тенг.
Аввалроқ EuroMillions тарихидаги максимал ютуқ 190 миллион еврони ташкил этганди — бундай миқдордаги ютуқ тўрт марта (2012, 2014, 2017 ва 2019 йилларда) қўлга киритилган.
Бутун лотерея тарихидаги энг катта жекпот 2016 йилда ўйналган. Унда Калифорния фуқароси 1,59 миллиард доллар ютиб олган.
Изоҳ (0)