АҚШ Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати бўйича бошқармаси (FDA) Pfizer ва BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқилган вакцинани маъқуллашни тавсия этди, деб ёзади «РБК».

Фото: AP Photo

Йиғилишда вакцинани қўллаб-қувватлаб 17 киши овоз берди, тўрт киши қарши чиқди, бир киши бетараф қолди.

Экспертлар айтишича, вакцинанинг афзалликлари унинг камчиликларидан устунроқ келади. Гуруҳ аъзоси, Гарвард микробиологи Эрик Рубин дорининг самарадорлиги «жуда катта», вакцинанинг ўзи эса «жуда кучли» эканлигини айтди.

Ўз навбатида, Мичиган университети Тиббиёт мактаби вирусологи Овета Фуллер вакцинани маъқуллаш заруриятига қўшилмади. Унинг айтишича, дори вируснинг юқиш эҳтимолини пасайтиришда ёрдам бериш-бермаслигини аниқлаш учун яна камида икки ой ичидаги синовлар ҳақидаги маълумотларни кўришни истаган бўларди.

Кейинги қадам — вакцинанинг FDA’нинг ўзи томонидан маъқулланиши бўлиши керак. Бу 11 декабрь, жума куни ёки дам олиш кунлари амалга ошиши мумкин, деб ёзади The Wall Street Journal.

Америка ОАВлари томонидан АҚШ президенти деб эълон қилинган Жо Байден вакцинанинг FDA экспертлар гуруҳи томонидан маъқулланишини «қоронғи вақтдаги нур» деб атади. Ундан аввалроқ эса Жо Байден ўз лавозимида ўтказилган илк 100 кун давомида коронавирус пандемиясига қарши курашиш режаларини маълум қилган эди. Демократнинг сўзларига кўра, у президент лавозимига киришганидан кейинги илк 100 кун мобайнида унинг маъмурияти 100 миллионта вакцинацияни амалга оширади. «100 кун ичида биз касалликнинг кечишини ва Америкадаги ҳаётни яхши томонга ўзгартиришимиз мумкин», — деди у.

Бундан ташқари, Байден ниқоб тақиш бўйича талабларни кучайтириш таклифини такрорлади. Унинг сўзларига кўра, бу федерал ҳукуматнинг барча биноларида ва жамоат транспортида мажбурий бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2 декабрь куни Буюк Британия дунёда биринчи бўлиб Pfizer’нинг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдаланишни маъқуллаган. Шунингдек, Pfizer ва BioNTech вакцинани АҚШда ҳамда Евроиттифоқда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган.

Аввалроқ Pfizer ва BioNTech ўзининг BNT1622б вакцинаси тадқиқотларнинг учинчи босқичи якунлари бўйича 95 фоиз самарадорлик кўрсатганини маълум қилганди. Таққослаш учун: Россиянинг «Спутник V» вакцинаси самарадорлиги ўз ишлаб чиқувчилари томонидан 92 фоизга, Америка Moderna компанияси вакцинаси — 94,1 фоизга, AstraZeneca компанияси вакцинаси — 70 фоизга баҳоланган.