Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кўжа Анқара Россиянинг COVID-19’га қарши «Спутник V» вакцинасини сотиб олишдан бош тортгани юзасидан раддия берди, деб ёзади «РБК».

Фахреттин Кўжа.

Фахреттин Кўжа.
Фото: Global Look Press

Кўжанинг сўзларига кўра, айни пайтда туркиялик мутахассислар дори устида токсикологик тадқиқотларни олиб бормоқда. «Россияда ишлаб чиқарилган вакцина токсикологик синовлардан ўтиб, GLP (тегишли лаборатория амалиёти)га мувофиқ келиши биз учун муҳим. Биз бу синовларни бошлаяпмиз. Айтишим мумкинки, агар улар муваффақиятли кечса, Россияда ишлаб чиқарилган вакцинани етказиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди», — дея аниқлик киритди вазир.

Шу тариқа Кўжа аввалроқ Haber Turk газетаси эълон қилган маълумотни рад этди. Нашр соғлиқни сақлаш вазирига таяниб, «Спутник V» GLP’га мувофиқ келмаслигини, Туркияда лицензияни ололмаслиги ва шу сабабли «қизиқиш доирасидан чиққани» ҳақида хабар берганди.

Кейинроқ вакцинани ишлаб чиқишда иштирок этган Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РТИЖ) матбуот хизмати ҳам Анқаранинг ушбу вакцинани сотиб олишдан бош тортгани ҳақидаги хабарларни сохта деб атаб, бу чет элда туриб вакцинага қарши олиб борилаётган ахборот кампаниясига мисол бўла олишини айтди.

«Коронавирус инфекциясига қарши дунёдаги биринчи рўйхатдан ўтган вакцина ‘Спутник V’ рақобатчилик ёки сиёсий сабабларга кўра, Россияда ва чет элда салбий ахборот ҳужуми нишони остида қолди. Гўёки Туркия ҳукумати ‘Спутник V’ вакцинасини сотиб олишдан бош тортгани ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмаган бугунги ҳолат Россия вакцинаси ҳақида ишончсиз маълумотлар тарқатилаётганига яна бир мисол бўлди», — дейилади хабарда.

РТИЖда қайд этишларича, ОАВда баъзан дорининг тавсифи, унинг ишлаб чиқарилиши ёки потенциал шериклар ё харидорлар билан музокаралар борасида ишончсиз мақолалар пайдо бўлмоқда.

«РБК»нинг РТИЖдаги манбаси маълум қилишича, Анқара билан вакцина етказиб бериш борасидаги музокаралар ҳали давом этмоқда.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, клиник синовлар вакцинанинг ишончлилиги ва самарадорлигини тасдиқлаган. Песков «Спутник V» «пандемияга қарши курашда ҳали жуда муҳим роль» ўйнашига ишонч билдирди.

Айни вақтда вакцинани ишлаб чиққан Гамалея номидаги илмий марказ раҳбари Александр Гинцбург марказ олдига ускуналарни Евроиттифоқ ёки Туркия стандартлари бўйича сертификатлаш вазифаси ҳеч қачон қўйилмаганини айтди.

«Бизнинг лаборатория Европа сертификация органлари эмас, Россия саноат ва савдо вазирлиги стандартлари бўйича сертификатланган. Бизда Европа сертификати эмас, худди бутун саноатимизда бўлгани каби Россия сертификати бор», — деди Гинцбург.

Шу билан бирга, у «Спутник V» барча зарур стандартларга мувофиқ келишини ва ҳозирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида сертификатлаш жараёнидан ўтаётганлигини таъкидлади. «ЖССТ уни бошқа мамлакатларга, шу жумладан, Туркияга ҳам тавсия қилиши мумкин. Лекин қарорни мамлакатнинг ўзи беради», — дея қўшиб қўйди илмий марказ раҳбари.

Аввалроқ Туркия Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини сотиб олишдан бош тортгани ҳақида Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кўжа маълум қилгани хабар берилган эди. Бунга эса вакцина ишончли лаборатория амалиёти принципларига мос келмаслиги сабаб қилиб келтирилган.

Туркияда коронавирусга қарши эмлаш 11 декабрдан бошланади. Бунинг учун Хитой вакцинасидан фойдаланилади. Бироқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат вакцина сотиб олиш бўйича нафақат Хитой, балки Россия билан ҳам музокара олиб бораётгани ҳақида гапирган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ноябрь ойида Туркия «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни ташкил қилишга қизиқиш билдирганини маълум қилган. Ундан аввал эса туркиялик расмийлар вакцинанинг токсикологик синовини ўтказишни хоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гамалея институти томонидан ишлаб чиқилган ва «Спутник V» вакцинаси 11 августда рўйхатдан ўтказилган. Вакцина клиник синовлари учинчи босқичининг оралиқ таҳлил натижалари 92 фоиз самарадорликни ташкил этишини кўрсатди. Декабрь ойи бошларида вакцина иккита компонентининг максимал нархи маълум қилинди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Иқтисодиёт
Коррупция даражаси, иқтисодий эркинлик индекси: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгармоқда?
Дунё
АҚШ Ельциннинг Украина ҳақидаги баёнотини махфийликдан чиқарди
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда фрилансерлик: улар қанча маош олади ва нега кўпаймоқда?