UzAuto Motors АЖ Швейцариянинг Credit Suisse АG компанияси билан 150 миллион евролик халқаро синдикатлашган кредит тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда UzAuto Motors матбуот хизмати хабар берди.
Синдикатлашган кредит – бу бир неча банклар томонидан йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда кредитлаш дегани. Унга жалб қилинган маблағлар лойиҳаларни молиялаштиришга, товар-материал захиралари учун тўловларга, ишни бажариш ва хизмат кўрсатишга, шунингдек, бошқа мақсадларга йўналтирилиши мумкин.
Ушбу келишув бўйича жалб қилинган маблағлар UzAuto Motors АЖнинг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш, заводни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда айланма маблағларини оширишга йўналтирилади.
Компаниянинг маълум қилишича, ушбу инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши компанияга General Motors янги моделларини GЕМ платформасида ишлаб чиқаришга ёрдам беради.
Компания халқаро синдикатлашган кредитни олишга биринчи бор иштирок этмоқда. 2019 йилнинг август ойида «Қишлоқ қурилиш банк» шу каби кредитни олган Ўзбекистондаги биринчи банкка айланганди.
Аввалроқ UzAuto Motors 2020 йил давомида ярим триллион сўмдан ортиқ йиғимни бюджетга тўламагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)