Америкалик ҳип-ҳоп қўшиқчи Канье Уэст дўстларига Россияда ишлаб чиқарилган «Шерп» йўлтанламасини совға қилишни давом этмоқда: сентябрда шу каби машинани рэпер Таухид Эппс қўлга киритган эди, 25 ноябрь куни эса Крис Браун шу каби совға билан ўзининг Instagram’даги саҳифасида мақтанди, деб ёзади Motor.
Совға Канье Уэст томонидан амалга оширилганига шубҳа йўқ — биринчидан, Крис Браун сурат остидаги изоҳда дўстига миннатдорчилик билдирган, иккинчидан эса айнан Уэст «Шерп»ларни урфга киргизди. Йўлтанламаслар рэпернинг клипларида бир неча бор кўриниш берган, бир сафар ҳатто Париждаги Модалар ҳафталиги давомида Yeezy брендининг декорацияси вазифасини бажарган.
«Шерп» петербурглик муҳандис Алексей Гарагашяннинг чизмалари асосида яратилган. Йўлтанламас герметик кузов ва 1600 миллиметрли покришкаларга эга. Бундан ташқари, у том маънода жойида айлана олади. «Шерп» узунлиги 3500 миллиметрни, эни 2520 миллиметрни ташкил этади, машина ости ва йўл юзи орасидаги масофа 600 миллиметр. Хорижда «Шерп»нинг энг арзон версияси 96 минг долларга баҳоланади.
Машина 44 от кучига эга 1,5 литрли Kubota дизель мотори ёрдамида ҳаракатга келиб, беш поғонали механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Максимал тезлиги соатига 45 километрни ташкил этади, сувда эса 6 км/соат тезликда ҳаракатлана олади.
Аввалроқ Канье Уэст хотини Ким Кардашьянга марҳум отасининг голограммасини совға қилгани, «қайта тирилган» Роберт Кардашян рақсга тушиб, Каньени даҳо деб атагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)