Халқ таълими вазирлиги прокуратура билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги асоссиз ўзлаштирилаётган 3 та мактаб ерини қайтариб олди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги мактаб ерлари асоссиз ўзлаштирилишини олдини олиш мақсадида мактаб ер майдонларини таълим муассасалари тасарруфига қайтариш бўйича Андижон вилояти прокуратурасига мурожаат билан чиққан.
Андижон вилоят прокуратураси томонидан мазкур ҳолатлар ўрганилиб, Балиқчи туман ҳокимлигининг қарори билан тумандаги 10, 39 ва 50-сон умумий ўрта таълим мактаблари ҳудудидаги жами 73,4 сотих ер майдонлари Президентнинг «Халқ таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарорига зид равишда Халқ таълими вазири билан келишув амалга оширилмасдан тўғридан-тўғри туман захирасига олинганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича Балиқчи туман прокуратураси томонидан туман ҳокимининг қарорига протест келтириш йўли билан бекор қилиниши таъминланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорларига асосан умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон халқ таълими вазири билан келишмасдан туриб бегоналаштириш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан таълим ташкилотлари ва муассасаларнинг бино-иншоотлари ва ер участкаларини таълим соҳасидан бошқа мақсадларда юридик ва жисмоний шахсларга берилиши қатъиян тақиқланган.
Изоҳ (0)