Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган тижорат банкларининг 20 нафар мансабдори коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда вилоят прокурори Ғайрат Фозилов 23 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган идоралараро йиғилишда маълум қилган.

Ғайрат Фозилов.

Ғайрат Фозилов.
Фото: «Дарё»

Йиғилишда банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишда суиистеъмолчилик, тамагирлик ва маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари учраётганлиги таъкидланиб, бир қанча мисоллар келтирилган.

«Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги икки йилда банкларнинг 20 нафар мансабдори коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Уларнинг 8 нафари ‘Халқ банки’, 4 нафари ‘Агробанк’, 3 нафари ‘Микрокредитбанк’, 2 нафари ‘Миллийбанк’ ва қолган 3 нафари ‘Асакабанк’, ‘Узсаноатқурилишбанк’ ва ‘Ҳамкорбанк’ ходимларидир», — дейди Ғайрат Фозилов.

Маълум қилинишича, «Халқ банки»нинг Андижон филиали мансабдор шахслари Ш.И., Б.Т., С.А., Ф.М., М.М. ва бошқалар ўз мансабидан фойдаланиб қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган. Улар ўзаро жиноий тил бириктириб, 1,3 миллиард сўм кредит маблағини банкдан ноқонуний равишда чиқариб, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Ҳозирда Б.Т. ва унинг шериклари қамоққа олинган.

Шунингдек, «Миллийбанк»нинг Шаҳрихон филиали мансабдор шахслари С.Р. ва З.Д. томонидан 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрланиб, уларнинг номига 378 миллион сўм кредит олиниб, шахсий манфаатлар учун ўзлаштириб юборилган.

Бундан ташқари «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 700 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳам банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинган.

Кредит ажратиш ва унинг сарфланишини мониторинг қилиш борасидаги суиистеъмоллик ва кўзбўямачиликлар 15,5 миллиард сўм кредит маблағларининг мақсадсиз ишлатилишига олиб келган.

«Айтиб ўтиш жоизки, банклар фаолиятига турли аралашувларни чеклаш мақсадида уларни текшириш амалиёти кескин қисқартирилди, маълумот алмашишда ҳам банк сири тўғрисидаги қонунга қатъий риоя қилинмоқда. Амалда эса бунинг акси кузатилмоқда. Марказий банкнинг ҳудудий бошқармаси қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларига лоқайд муносабатда бўлмоқда. Жумладан, ҳудудий бошқарма томонидан сўнгги икки йилда тижорат банкларининг 4 та филиалида ўтказилган текширувлар натижаси бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига биронта ҳам материал тақдим этилмаган. Ваҳоланки, ушбу даврда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар банк мансабдор шахслари томонидан содир этилган 16 дан ортиқ жиноятни аниқлаган», – деди вилоят прокурори.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Дарё» кундалигида 9 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Қозоғистон Россияга зирҳли техника жўнатиши ҳақида хабарлар тарқалди (видео)
Маданият
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл янги ҳужжатли фильмда Елизаветта II ни масхаралаб, қироллик оиласи аъзоларини ирқчиликда айблади (видео)