Гартнер таҳлилий агентлиги смартфонлар бозорига оид навбатдаги ҳисоботи билан бўлишди. Маълум бўлишича, 2020 йилнинг учинчи чорагида бутун дунё бўйлаб 366 миллион смартфон сотилган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга кам. Бу каби пасайиш сезиларли даражада бўлса ҳам, бироқ йилнинг биринчи ярим йиллигида кузатилган 20 фоизли пасайиш кўрсаткичидан камроқ, деб ёзади IXBT.
Савдолар бўйича етакчилик ҳамон Samsung компаниясида — 80,82 миллион дона қурилма сотилган бўлиб, у бозорнинг 22 фоизини ташкил этган. Умуман олганда, Топ-5 рўйхатга кирувчилар орасида фақат Samsung ва Xiaomi савдолар ҳажмини ошира олган — мос равишда 2,2 фоиз ва 34,9 фоизга. Иккинчи ўринни 51,83 миллион дона смартфон сотиб Huawei эгаллаган — унинг бозордаги улуши 14,4 фоизга тенг. Xiaomi 44,41 миллион дона смартфон билан 12,1 фоиз улушга эга бўлган.
Apple эса тўртинчи ўринни эгаллаган. Компания июлдан сентябрга қадар 40,6 миллион дона смартфон сотган — бозордаги улуши 11,1 фоиз. Эътиборли жиҳати, Oppo компанияси Apple’нинг натижасига яқинлашиб қолган: учинчи чоракда компания 29,89 миллион дона смартфон сотган (8,2 фоиз).
Аввалроқ Apple компанияси Хитойда iPhone савдолари тушиб кетганидан сўнг 83 миллиард долларга арзонлашгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)