Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Перунинг янги президенти Франциско Сагасти бўлиши мумкин. 16 ноябрь, душанба куни у кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, конгресс (мамлакатнинг бир палатали парламенти) спикери этиб сайланди. Бу Сагастига давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини беради, деб ёзади «РБК».

Франциско Сагасти

Франциско Сагасти
Фото: La Republica

76 ёшли Сагасти — Перунинг ўнг марказчи Қирмизи партияси етакчиларидан бири. У бир ҳафта ичида президент лавозимидан кетган Мартин Вискарра ва Мануэль Мерино де Ламадан кейинги учинчи президентга айланиши мумкин.

Сагасти президент бўлса, бошқа партиялар вакиллари Мирта Васкес, Луис Роэл ва Матилда Фернандес вице-президент бўлиши мумкин.

Перудаги сиёсий инқироз сентябрда бошланди. Ўшанда давлат раҳбари Вискаррага тегишли аудиоёзув эълон қилинганди. Унда президент қўшиқчи Ричард Свинг билан учрашганини тан олган. Вискарра Маданият вазирлиги билан шартнома туфайли қўшиқчига нисбатан суд иши юзасидан текширувларга тўсқинлик қилишда айбланганди. Вискарра мамлакат ҳудудларидан бирини бошқараётган вақтида йирик миқдорда пора олганликда гумон қилинди.

Дастлаб конгресс (Перунинг бир палатали парламенти) Вискаррага нисбатан импичментни ёқлаб овоз берган эди, аммо беш кундан кейин ўз қарорини ўзгартирди. Ўшанда депутат Франциско Сагасти буни мамлакат коронавирус пандемияси шароитларида яшаётган бир пайтда ҳозир импичментнинг вақти эмаслиги билан изоҳлаган эди. Охир-оқибат, Вискарра 10 ноябрь куни лавозимидан олинди. Шундан кейин Перуда унинг тарафдорлари кўчаларга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, Вискарранинг истеъфосини 105 нафар парламент аъзоси қўллаб-қувватлаган, 19 нафари қарши чиққан, тўрт киши бетараф қолган эди. Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбари ўрнини парламент спикери Мерино де Лама эгаллади. Аммо олти кундан кейин у истеъфо берди.

Мерино де Ламани лавозимидан четлатиш талаби Перуда 9 ноябрь куни бошланган  норозилик намойишларида икки киши ҳалок бўлиши билан боғлиқ. 14 ноябрь куни Лимада миллий полиция билан тўқнашувлар чоғида икки ёш йигит вафот этган.

Шундан кейин Перу вазирлар маҳкамасининг 13 аъзоси Мерино де Лама билан ишлашдан бош тортди ва ишдан кетишини маълум қилди. Улар орасида соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, адлия, иқтисодиёт, маданият, савдо ва туризм, таълим, энергетика, мудофаа ҳамда ички ишлар вазирлари бор.

Изоҳ
Асосий янгиликлар