Аёлларни айнан аёллиги учун ишга олмаган ёки ҳомиладор аёл ходимга нисбатан меҳнат муносабатларини бузган раҳбарлар 10-12 миллион сўмгача жаримага тортилмоқда. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган қисқача интервьюсида айтиб ўтди.

Баҳодир Умурзоқовнинг таъкидлашича, аёлларни ишдан кейин тунги вақтларда қолиб ишлай олмаслиги, фарзанд кўргандан сўнг таътилга чиқиб кетишини ҳисобига ишга олмаслик ҳолатлари аввалдан кўп бўлган.

Баҳодир Умурзоқов

Фото: «Дарё»

«Бизда аёлларнинг асосий вазифаси бола туғиш, деб қаралади. Университет, институтлардаги талаба-қизларимиз асосан 3-4 курсда ўқиётган вақтда турмушга чиқади. Ўқишни тугатиб, ҳомиладор ҳолида иш сўраб боради. Савияси паст кўп раҳбарлар ҳомиладор аёлни ишга олмайди – бўш жой йўқ, дейди. Ана ўша гаплар бўйича бориб текширсак, бўш иш ўрни бўлатуриб, атайин ишга олмаган бўлади», – деди Умурзоқов.

Суҳбат давомида вазир ўринбосари меҳнат инспекцияси томонидан аёлларни айнан аёллиги учун ишга олмаган ёки ҳомиладор аёл ходимга нисбатан меҳнат муносабатларини бузган раҳбарлар 10-12 миллион сўмгача жарима билан жазоланаётганини айтиб ўтди.

«Агар бу каби ҳолат такрорланса, жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилади. Мисол учун, аёлларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга 279 та даъво аризаси киритилди. Натижада 115 нафар аёл ишга тикланди. Шунингдек, 199 нафар аёлнинг иш ҳақи ундириб берилди», – деди у.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари берган маълумотга кўра, 2020 йилнинг учинчи чорагида аёллар орасида ишсизлик даражаси 14,7 фоизни ташкил этган.