Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, 18—19 ноябрь кунлари А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида вақти-вақти билан кучли қор ёғиши кутилмоқда. Шу сабабли ЙҲХББ довон орқали автомобилда ҳаракатланувчиларни огоҳликка чақирди.
Шунингдек, довонда туман тушиб, кўриш даражаси 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши, йўлда қор уюмлари, музлама ҳосил бўлиши кутилмоқда. 18 ноябрдан ҳаво ҳарорати пасаяди, 19—20 ноябрга келиб ҳарорат кечаси 15-18 даражагача, кундузи 9-12 даражагача пасаяди.
Аввалроқ Ўзбекистонга 18—20 ноябрда Ғарбий Қозоғистон орқали Урал ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши сабабли ҳафта ўртасида ҳаво кескин совиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)