Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Норин туманидаги фермер хўжалиги дала шийпонидан 8 ёшли боланинг мурдаси топилганига оид хабарлар тарқалди.
Норин туман ИИБ мутасаддиларининг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, жорий йил 15 ноябрь куни соат 20:30 ларда «Норинкапа» МФЙ ҳудудида жойлашган «Қамбарали ота набираси Бахтиёр» фермер хўжалигининг дала шийпони ўтинхонасидан шу маҳаллада яшовчи, 2012 йилда туғилган И.У.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган.
Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида бола 15 ноябрь куни соат 08:30 атрофида товуқларни боқиш мақсадида яшаш хонадонидан чиқиб кетиб, мазкур фермер хўжалиги дала майдонига бориб, бедарак йўқолганлиги аниқланган.
Наманган вилоят прокуратураси томонидан шу куннинг ўзида қасддан одам ўлдириш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тезкор тергов гуруҳи тузилиб, жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ (0)