Moderna компанияси ўзининг коронавирусга қарши вакцинаси 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатганини эълон қилганидан кейин АҚШ фонд бозорида кескин ўсиш кузатилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Шундай қилиб, S&P 500 индекси савдолар очилгандан бир ярим соат ўтгач, 3624 пунктга ёки 1,1 фоизга кўтарилди, Dow Jones 29924 пунктгача ёки 1,3 фоизга, Nasdaq-100 эса 12020 пунктгача ёки 0,85 фоизга ўсган.
Асосий биржа индексларидаги ўсишлар бир ҳафта олдин АҚШнинг бошқа бир компанияси Pfizer ва BioNTech компанияси томонидан яратилган вакцина 90 фоиз самарали эканлигини эълон қилинганидан кейин қайд этилган ўсишдан кўра пастроқ бўлган.
Шу билан бирга, Reuters маълумотларига кўра, 2020 йилда бозор капиталлашувининг ярмидан кўпини йўқотган United Airlines, American Airlines, Carnival ва Norwegian Cruise Line каби сайёҳлик компаниялари акциялари 3,7—9,0 фоизга ўсди.
Moderna’нинг акциялари 8 фоизга ўсган. Савдолар давомида компаниянинг ҳар бир акцияси нархи 100 долларга кўтарилди, аммо кейин бироз пасайган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Moderna компанияси 16 ноябрь куни синовларнинг учинчи босқичидаги коронавирусга қарши вакцина 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатганини эълон қилди. Moderna ишлаб чиқарилаётган коронавирусга қарши вакцинанинг юқори самарадорлигини эълон қилган Pfizer’дан кейинги иккинчи АҚШ компанияси бўлди.
Изоҳ (0)