Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаров давлат раҳбари сайловларида қатнашиш учун ўз ваколатларини бўйнидан соқит қилди, деб ёзади «РБК» президент сайтига таяниб.

Фото: «President.kg»

Фото: «President.kg»

«Қирғизистон Республикаси президенти лавозимига ўз номзодини илгари суриши туфайли Садир Жапаров мамлакат президенти вазифасини бажарувчи ваколатларини ўз бўйнидан соқит қилди», — дейилади хабарда.

Халққа қилган мурожаатида Жапаров лавозимдан кетиб, ўзининг бош вазир ваколатларини тўхтатиб туришга ва сайловларда оддий фуқаро сифатида қатнашишга қарор қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, у сайловларда қатнашиш учун ариза берган.

Республика Конституциясига мувофиқ, президент вазифасини парламент спикери Талант Мамитов бажариб туради.

Жапаров барча сиёсий кучларга, жамоат арбобларига, фуқаролик жамияти вакилларига, матбуот соҳасига, илмий ва ижодий интеллигенсияга уни қўллаб қувватлагани учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, босимга қарамай, ишонч билдирган Жўқорғи Кенеш депутатларига ҳам раҳмат айтди.

Жапаров Қирғизистоннинг «шимол ва жанубга, минтақаларга ёки қариндошларга» бўлиниб кетишига йўл қўймасликка, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлашга чақириб, халқ ва давлат манфаатлари устувор бўлиши кераклигини айтди.

Аввалроқ  Садир Жапаров давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларини юборган эди.

Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров 15 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфога чиққач Қонунчилик кенгаши спикери Канат Исаев давлат раҳбарининг вазифаларини вақтинча бажаришни рад этганидан сўнг президент вазифасини бажарувчига айланди. У мамлакат раҳбари вазифасини бажарувчи ваколатларини декабрь ойида топширади. Қирғизистонда муддатидан олдинги президентлик сайловлари 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар