Навоий вилоятининг Томди туманида мактабгача таълим ташкилоти ходимларига тўланмаган 87 миллион 384 минг сўм маблағ ундириб берилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабов маълум қилди.
Таъкидланишича, Томди тумани Навоий шаҳри марказидан 300 километр олисда жойлашган ва яшаш шароити жиҳатдан ноқулай бўлгани боис аҳолига 50 фоизлик коэффициент тўланиши лозим бўлган.
Маълум бўлишича, Томди туманида жами 6 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 2 та МТТ бўлимида 82 нафар ишчи-ходим фаолият юритади. Лекин мазкур муассаса ходимларига тўрт ой мобайнида туман коэффициенти тўланмаган. МТТ ходимлари ўзларига тегишли бўлган коэффициентнинг тўлаб берилмагани юзасидан туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
«Аввалига биз қўшимча пулларимиз пандемия сабабли тўланмаяпти деб ўйлагандик, аммо қонунчиликда бундай тартиб йўқ экан», — дейди МТТ ходими Жамила Мирзааҳметова.
Томди туман адлия бўлими вакиллари томонидан олиб борилган текширувлар жараёнида МТТ ходимларига жами 87 миллион 384 минг сўм маблағ ноқонуний равишда тўлаб берилмагани маълум бўлган.
Шунга кўра, адлия бўлими томонидан Томди туман мактабгача таълим бўлимига тақдимнома киритилган ҳамда 82 нафар ишчи-ходимларга белгиланган суммадаги маблағлар ундириб берилган.
Изоҳ (0)