Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ҳокимлик захирасидаги ерни интернетдаги платформа орқали ярим миллиард сўмга сотишга уринган фуқаро суд қилинди. У бу қилмиши учун 70 миллион сўм жаримага тортилди. “Дарё” бу ҳақдаги суд ҳужжати билан танишди.
Маълум бўлишича, вилоятнинг Бахмал туманида яшовчи фуқаро отасидан қолган, туман ҳокимлиги захирасидаги томорқасини сотишга уринган. У моддий манфаатдор бўлиш мақсадида Бахмал туманининг “Нушкент” маҳалласи Жўм-жўм қишлоғидаги 0,48 гектар томорқани келгусида ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, интернетдаги “Олх” савдо платформасида 500 миллион сўмга сотишга уринди.
У ерга харидор қидирар экан “Бахмалда 100 сотих боғ дача бор, шуни 500 млн сўмга сотаман”, деб эълон қолдирган. Унга алоқага чиққан фуқарога эса ернинг кадастр ҳужжатларида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтиб, харидорнинг ишончига кирган.
Шундан сўнг фуқаро томорқа ерни харидор билан 485 миллион сўмга келишиб, Жиззах шаҳри ҳудудидаги “Давлат хизматлари маркази”га қарашли автотураргоҳда пулни санаб олган. Шу пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Фуқаронинг ушбу қилмиши 2025 йилнинг 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судида кўриб чиқилди. Судья Умурзоқов давлат ерини ноқонуний сотишга уринган уддабурон қилмишини кўриб чиқиб, уни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбдор деб топди ва фуқарони 70 миллион сўм жаримага тортди.
Изоҳ (0)