Қашқадарё вилоятида уйининг томорқасида “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилган.
Қайд этилишича, Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан, шаҳар ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Қарши шаҳрида яшовчи муқаддам судланмаган фуқаро Ҳ.Н. яшаш уйининг томорқа қисмида 14 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида фуқаронинг яшаш уйи ётоқхонасидан яна 1 083 гр қуритилган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Бошқа бир ҳолатда эса, Қарши шаҳрида яшовчи муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси билан судланган фуқаро Х.О.нинг кийимлари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, фуқаро гугурт қутиси ичида “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётгани аниқланганди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)