Meduza коронавирусга қайта чалиниш борасидаги саволларга жавоб берувчи мақола тайёрлади.
Асосий саволларга жавоблар
Иккинчи марта юқтириб олиш мумкинми?Ҳа, бу ҳозирда исботланган. Ҳозирча тўртта ҳолат ишончли тарзда қайд этилган, яна бир нечта ҳолатлар ўрганилмоқда.
Касаллик иккинчи марта енгилроқ кечадими ёки оғирроқ?
Афсуски, қайта касалланиш доим ҳам биринчисидан енгилроқ кечмайди: иккинчи мартада касаллик оғирроқ ўтгани борасида мисоллар бор, бир киши касалхонага ётқизилган. Нима учун шундай бўлиши — номаълум.
Қайта юқтириш кўп учрайдими?
Қайта касалланиш улуши умумий касалланишлар ичида қанчага тенг эканлиги ҳам номаълум. Илмий тавсифланган қайта юқтириш ҳолатлари жуда кам бўлгани учун улар асосида статистик хулосалар чиқариш мумкин эмас.
Демак, иммунитет ишлаб чиқарилмайдими? Вакциналардан-чи?
Табиий касалланганда кўпчилик одамларда коронавирусга нисбатан иммунитет қанчалик узоқ сақланиб қолиши ҳамда вакцина олганда иммунитет қанча давом этиши — иккита энг муҳим савол бўлиб, пандемиянинг ривожланиши биринчи навбатда шуларга боғлиқ. Уларга ҳали жавоб топилгани йўқ.
Яъни биз иммунитет ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмизми?
Қандайдир маълумотлар бор. Ҳайвонлар устида олиб борилган тажрибалар, бошқа вирусли инфекциялар таҳлиллари, минг кишида антитана учун ёппасига олинган тестлар ва вирус оқсиллари тузилмаси таҳлили жавоблари бор. Умумлашган ҳолда маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилик одамларда ҳимоя иммунитети ишлаб чиқарилади ва у ҳеч бўлмаганда кўп ойлар давомида сақланади.
Агар ишлаб чиқарилган иммунитет доирасидан анча четга чиқувчи, вируснинг жуда ўзгарган тури аниқланса, вазият ўзгариши мумкин. Шу пайтгача бундай бўлаётганини исботловчи далиллар аниқланмаган, аммо битта шундай бошқача турнинг мавжудлиги аллақачон муҳокама қилинмоқда.
Энди батафсилроқ: қайта касалланиш ҳақидаги янгиликларга қандай муносабатда бўлиш керак?
COVID-19 билан касалланиб ўтган одам уни қайта юқтириши мумкинми? деган савол борасида пандемия бошидан буён баҳслар олиб борилмоқда. Қайта юқтириб олиш ҳақидаги янгиликлар жуда тез-тез қулоққа чалинади:- «Тасдиқланган қайта касалланиш ҳолатларига шахсан икки марта дуч келганман» («Известия»)
- Орлов вилоятида коронавирусга қайта чалинган беморлар бор (Орлов информбюро)
- Бурятияда коронавирусга қайта чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда («Аригус»)
Ўзгариб турувчи янгиликларда чалкашиб кетиш осон, ва бу мақола чиқарилганидан кейин, масалан, биринчи марта симптомсиз касалланган бўлса, қайта касалланиш кўп учрашидан дарак берувчи янги маълумотлар пайдо бўлмаслиги кафолатланмаган. Шу сабабли жорий вазиятни муҳокама қилишдан аввал, вируслар диагностикаси ҳақидаги муҳим базавий фактларни тилга олиш мантиқли, чунки улар яқин келажакда ўзгаришсиз қолади: уларни билган ҳолда эса янгиликлар ичида адашиб қолмайсиз.
1-факт. Коронавирусга суртма олиш — тестдан ўтказишнинг ишончсиз усули
Инфекциянинг бор-йўқлиги аксарият ҳолларда бурун-ҳалқумдан олинган суртма (баъзан сўлакдан)ни ПЗР (Полимераз занжирли реакция)-таҳлил қилиш ёрдамида аниқланади. Суртма билан боғлиқ муаммо шундаки, у, умуман олганда, миқдорий анализ (миқдорий усул коронавирусга нисбатан антитаначалар концентрациясини, яъни миқдорий нисбатини аниқлайди, сифат анализи эса у умуман бор ёки йўқлигини айтади) бўла олмайди: биринчидан, суртмада материал миқдори ҳар сафар ҳар хил бўлиши мумкин, иккинчидан, касаллик кечиши давомида вирус нафас йўллари бўйлаб пастроқ тушиши мумкин. Шу тариқа сохта манфий натижалар чиқади: инфекция аслида бор, аммо суртмада вирус аниқланмайди.
Агар ҳар сафар бироз бошқача қилиб ёки касалликнинг турли босқичларида бир неча марта суртма олинса, салбий тестдан кейин ижобийси ҳам чиқиши мумкин — шундан қайта касалланиш юз бергани ҳақида янглиш хулоса қилиш мумкин, аслида эса бу таҳлилга хос оддий хатолик бўлади. Агар таҳлил учун қондан фойдаланилганида, тестдан ўтказиш осонроқ бўларди, аммо бошқа кўплаб вируслардан фарқли ўлароқ, SARS-CoV-2 қонда айланмайди.
Бундан ташқари, ПЗР-таҳлил «ҳа/йўқ» деган сифат натижасини кўрсаца-да, бу қайсидир даражада шартлиликдир: «ҳа» турлича бўлиши мумкин. Полимераз занжирли реакция — жуда таъсирчан усул бўлиб, у репликация цикллари чоғида зарур ДНК парчасининг экспоненсиал кўпайишига асосланган. Бундай цикллар бир неча ўнлаб бўлиши мумкин, ва намунада вирус қанчалик кўп бўлса, шунчалик кам сикдда сигнал пайдо бўлади. Агар цикллар сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетса, йўқ жойдан ижобий сигнал олиниши ҳам мумкин (баъзи маълумотларга кўра, >35 чегара циклида намуналарнинг 8 фоизидагина яшовчан вирус бўлади).
Бундан иккита хулоса келиб чиқади: турли лабораторияларда ва, айниқса, турли мамлакатларда олинган таҳлил натижаларини таққослашда эҳтиёт бўлиш керак — фарқ шунчаки ҳар хил стандартлар билан изоҳланиши мумкин. Иккинчидан, ижобий натижаларни муҳокама қилишда детекциянинг бошланиш циклларига эътибор бериш керак, агар бундай маълумот бўлса: ижобий натижа кўрингани каби ишончли бўлмаслиги ҳам мумкин.
2-факт. Генетик материал — яшовчан вирус дегани эмас
Яқинда The New York Times газетасида коронавирусга топширилган сохта ижобий тестлар муаммоси муҳокама қилинган мақола эълон қилинди. Мақолада айтилишича, «тест натижаси ижобий чиққан одамларнинг 90 фоизида аслида ҳеч қандай вирус бўлмаганлиги» ҳолатлари аниқланган ва бундай одамларни карантинга юбориш керак эмас. Билдирилган фикрларга қараганда, баъзи ўқувчилар бу иборани нотўғри тушунган — ижобий натижаларнинг 90 фоизи аслида ёлғон (ва демак, ҳеч қанақа эпидемия йўқ) деб. Бундай эмас. Гап шундаки, ижобий тестларнинг катта қисми — вируснинг генетик материали ПЗР реакциясида аниқланадиган, аммо яшовчан вируснинг ўзи организмда йўқ бўладиган ҳолат. Баъзи одамларда тестлар 60 кун, баъзан бундан ҳам кўпроқ вақтдан кейин ҳам ижобий натижа кўрсатиши мумкин. Аммо баъзан ижобийлари орасида салбий тестлар ҳам чиқиб қолади. Бу азалдан маълум бўлган муаммо, аммо бу «фейк» (ёлғондакам) инфекциялар эмас, балки усулнинг чекловларидир: ПЗР-таҳлил вирусни унинг генетик ахборотидан ҳеч ҳам фарқлай олмайди. Коронавирусга нисбатан ПЗР-тестларда «ҳақиқий» сохта ижобий хатолар даражаси айни пайтда тахминан 0,8—4 фоиз деб баҳоланмоқда.
Гап шундаки, кўпинча ижобий тестлар касал бўлиб ўтган ва энди инфекция юқтирмайдиган одамда инфекция излари аниқланганини билдиради. Сўлакда РНК эмас, айнан яшовчан вируслар даражасини аниқлаш учун бутунлай бошқа турдаги тестни ўтказиш керак (сунъий ўстирилган ҳужайраларда томчи анализи). Аммо биринчидан, аксарият ҳолларда у шунчаки керак эмас, иккинчидан эса, унинг учун тегишли ускуналар ва БСЛ-3 биохавфсизлик синфи бўйича ишлаш учун лицензия зарур бўлади. Бундай лабораториялар унча кўп эмас.
Қайта касалланиш муаммоси борасида бу ерда хулоса шундай: чегара цикли адекват бўлган ҳолда ижобий ПЗР-тест — бу вирус билан контакт содир бўлганининг анча ишончли кафолати, аммо у юқумлилик ҳақида ва организмда айнан қандай: биринчи, иккинчи ёки яна бошқа бир вирус мавжудлиги ҳақида ҳеч нарса айтмайди.
3-факт. Антитаналар ҳар хил одамларда турлича бўлади
Вирусли инфекция чоғида одатда иммун жавоби бошланади, бунда антитаналар ишлаб чиқарувчи B-лимфоцитлар ва Т-лимфоцитлар фаоллашади, улар вирус билан зарарланган ҳужайрани мустақил йўқ қилишга ёки бу ишда ёрдам беришга қодир. Вирусга хос антитаналарни аҳамиятли миқдорда ишлаб чиқариш одатда 2-4 ҳафта вақт олади, сўнг уларнинг сони авжига чиқади ва бир неча ойлардан кейин аста-секинлик билан пасаяди — бу ҳақда сал кейинроқ гаплашамиз.
Ҳар хил одамларда турли антитаналар ишлаб чиқарилишини тушуниш муҳим — улар нафақат миқдор жиҳатидан, балки яна иккита муҳим хусусиятлари: вирус билан боғланадиган «кучи» (авидлик) ҳамда вирус заррачаси юзасидаги ушбу антитана ўзаро боғланадиган жой (эпитоп) билан фарқланади.
Турли антитаналар турли B-ҳужайралар орқали ишлаб чиқарилади, уларнинг мажмуи эса туғилиш вақтида шаклланади. Инфекция чоғида янги инфексион агент билан боғланишга қодир бўлган ҳужайралар фаоллашади ва кўпаяди. Шу билан бирга антитаналарнинг боғланиш сифати одатда яхшиланади: B-ҳужайралар кўпайиш чоғида эволюцияга учрайди ва антигенлар парчалари билан бошқалардан яхшироқ ҳамкорлик қилаётганлари устунликка эга бўлади — бу клонал селекция деб аталади. Лабораторияларда алоҳида B-ҳужайралардан мутлақо стандартлаштирилган моноклонал антитаналар (битта B-ҳужайра авлодлари ёки клонлари томонидан ишлаб чиқариладиган антитаналар)ни олиш мумкин, улар терапияда вариантлардан бири сифатида қаралади, аммо ҳар бир одамнинг қонида турли В-ҳужайралар томонидан яратилган ҳамда вирус билан турли жойлари ва турлича куч билан боғланган турли антитаналардан иборат бутун бир коктейл мавжуд. Баъзи беморларда антитаналарнинг катта қисми вирусни нейтраллаштириш учун муҳим бўлган S-оқсил билан боғланса, бошқаларида қандайдир ички оқсиллар билан боғланади, шундай экан, бундай антитаналардан катта фойда ҳам бўлмайди.
Бундан хулоса шундай: ҳатто бир хил тест тизимлари қўлланилса ҳам, антитаналарнинг умумий даражасига қараб ҳимоянинг бор ёки йўқлигини айтиб бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда айнан нейтраллаштирувчи антитаналар даражасини билиш керак, унақа антитаналар пробиркада вирус заррачаси билан боғланиб, инфекцияни бостириши мумкин (бундай антитаналарнинг 90 фоизи вируснинг RBD деб аталувчи S-оқсил қисми билан боғланади). Бундай қиёслашларни яхши жиҳозланган лабораторияларда олиб бориш мумкин (бу юқорида тилга олинган томчи анализнинг худди ўзи бўлиб, у янги вакциналарни ўрганишда ўтказилади), аммо оддий ИФА-тестлар (Иммунофермент анализ) асосида иммунитет ҳақида аниқ бир нарса айтиш мумкин эмас.
4-факт. Антитаналар миқдори вақт ўтиши билан пасаяди, бу нормал ҳолат
Антитаналар В-ҳужайралар томонидан ишлаб чиқарилади. Инфекция чоғида улар кўпаяди ва уларнинг бир қисми қисқа вақт яшовчи плазматик ҳужайраларга айланади, улар фақат антитаналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бошқа бир қисми хотира ҳужайраларига айланади — уларнинг миқдорини ҳеч қайси «оддий» лаборатория тестлари аниқламайди, аммо улар такрорий инфекцияга реакция учун муҳим (қайта касал бўлганда улар тезкорлик билан антитаналар ишлаб чиқаришни бошлайди). IgG антитаналарининг ярим ҳаёти тахминан уч ҳафтага тенг, шунинг учун вақт ўтиши билан уларнинг титри пасайиши ҳайратланарли эмас. Бу пасайиш ҳимоя кучсизланганининг билвосита белгиси бўлибгина хизмат қилиши мумкин, аммо ҳимоянинг йўқлигини исботламайди.
5-факт. COVID-19 инфекциясига қайта чалинишдан қандай даражадаги иммунитет ҳимоя қилишини ҳеч ким билмайди (бу вақт ўтиши билан ўзгариши керак)
Афсуски, ҳам нейтраллаштирувчи антитаналар даражасини, ҳам одамда вирусни таниб оладиган Т-ҳужайралар миқдорини билган ҳолда ҳам одамнинг қанчалик даражада ҳимояланганлигини аниқ айтиб бўлмайди. Агар бунинг иложи бўлганида эди, вакциналарнинг III босқич клиник тадқиқотларини ўтказиш керак бўлмасди, кўнгиллиларнинг иммун тизимини жуда яхши ўрганишнинг ўзи етарли бўларди. Инфекция учун нечта вирус заррачалари кифоя қилиши ҳам ҳозирда номаълум — бу ҳам ҳимоянинг зарур даражасига таъсир қилади.
Бу мураккаб масала, аммо икки турдаги билвосита маълумотлар борки, улар дастлабки хулосаларга келиш имконини беради:
- одамда биз қандай миқдордаги антитаналар ишончли ҳимояни таъминлашини биладиган бошқа вирусларни ўрганиш.
- Вакциналарнинг клиникадан олдинги синовлари чоғида ҳайвонларда ўтказилган SARS-CoV-2 тадқиқотлари.
Хулоса. Тестларнинг ишончсизлигини ҳисобга олганда ва иммунитет ҳақидаги жорий билимлар чекланганлигини тушунган ҳолда, қайта касалланишлар ҳақида жуда эҳтиёткорлик билан гапириш керак. Қайта юқтиришни ишончли даражада исботланган деб ҳисоблаш учун у вируслар геномларини таққослагандан кейин тасдиқланган бўлиши керак. Бу ерда умум қабул қилинган мезонлар ҳозирча йўқ, аммо айнан буни ҳозир, масалан, Америка касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари (CDC) ҳамда уларнинг европалик ҳамкасблари ECDC тавсия қилмоқда. Агар янгиликларда қандайдир инфекция қайта юқтирилгани қулоғингизга чалинса, штаммлар ўрганилганми, йўқми — шунга эътибор беринг, агар ўрганилмаган бўлса, бундай маълумотга ишониш қийин.
Лекин сиз қайта юқтириш ҳолатлари бўлади, деб бошлаган эдингиз-ку?
Ҳа, лекин унчалик кўп эмас.Биринчи ишонарли тарзда аниқланган қайта касалланиш ҳолати август охирида гонконглик тадқиқотчилар томонидан қайд этилган. Гап биринчи марта апрель ўрталарида коронавирус билан оғриб ўтган, сўнг эса Европадан учиб келгандан кейин скринингга тушган ва топширган тести ижобий чиққан 33 ёшли эркак ҳақида бормоқда. Тадқиқотчилар баҳорги ва ёзги намуналарда ажралган вирус геномини ўрганиб, уларнинг турли штаммлар эканлигини аниқлади — демак, гап биринчи инфекция генетик материалининг сақланиб қолган излари ҳақида эмас, ҳақиқий қайта касалланиш ҳақида кетяпти. Баҳорда касаллик енгил, аммо ҳарорат кўтарилиши билан бирга ўтган, аммо иккинчи мартада эркакда энди ҳеч қандай симптомлар йўқ эди (агар у скринингга тушмаганида касаллик ҳақида ҳеч ким хабар топмаган ҳам бўларди). Ўша вақтда қайта касалланиш ва антитаналарни аниқлаш масаласи бўлмаган — инфекциянинг енгилроқ кечишини муаллифлар ўшанда Т-ҳужайралар жавоби билан боғлаган.
Қайта юқтириб олиш бўйича иккинчи ҳолат октябрь ўрталарида АҚШнинг Невада штатида яшовчи 25 ёшли эркакда кузатилган. Бу сафар такрорий инфекция биринчисидан кўра оғирроқ ўтди: эркакни касалхонага ётқизиш ва кислород билан қўшимча таъминлаш керак бўлди. Иккинчи марта касалланишдан олдин антитаналар учун таҳлил олинмаган, шунинг учун биринчи касалликдан кейин антитаналар йўқолиб кетгани ёки улар умуман пайдо бўлмагани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Коронавирусга қайта чалиниш ҳолатларининг яна бири Бельгияда қайд этилган — 51 ёшли аёл касалликни енгил формада оддий симптомлар билан ўтказган, уч ойдан кейин эса яна касалланган, аммо бу сафар симптомлар бўлса ҳам, аввалгисидек яққол бўлмаган. Инфекциянинг икки хил турдаги штаммларини ажратилган РНК геномларини «ўқиш» орқали тасдиқлашди.
Тўртинчи ҳолат Эквадорда юз берган. 46 ёшли эркак биринчи марта касалланишдан кейин икки ой ўтиб, қайта касалланган, ва иккинчи инфекция биринчисидан оғирроқ ўтган, аммо касалхонага ётқизишга тўғри келмаган.
Яна иккита тасдиқланган ҳолат Ҳиндистонда кузатилган. Иккала ҳолат ҳам бутунлай симптомсиз кечган: қайта касалланиш 25 ёшли эркакда ва 28 ёшли аёлда қайд этилган.
Қайта касалланиш ҳолатлари ҳақида бошқа хабарлар ҳам бор, аммо уларнинг барчаси ҳам генларни ўрганиш орқали тасдиқланмаган ҳамда ECDC’нинг қайта юқтириш масаласига бағишланган маърузасига ва The Lancet’да чоп этилган тезкор шарҳли изоҳга киритилмаган. The Lancet’даги шарҳли изоҳ муаллифи америкалик таниқли иммунолог Акико Ивасаки бўлиб, августда ишончли тарзда исботланган қайта касалланиш ҳақидаги биринчи хабардан кейин у Гонконгдаги воқеа саросимага тушиш учун сабаб бўла олмаслиги, балки «иммунитет қандай ишлаши кераклигини кўрсатиб берувчи сода мисол» эканлигини Twitter’да батафсил ёзганди. Невададаги қайта касалланиш ва унинг биринчисидан оғирроқ кечгани ҳақидаги хабардан кейин эса Ивасаки бошқачароқ гапира бошлади.
Бу нима дегани?
Ивасаки таъкидлашича, қайта касалланиш қандай кечиши ҳақида ҳозирча жуда кам маълумотга эгамиз ва бу ерда жавоблардан кўра саволлар кўпроқ. Масалан, антитаналар қандай рол ўйнагани номаълум: тўрт бемордан фақат иккитасида иккинчи инфекциядан аввал тест олинган, аммо улардан бири инфекция учун муҳим бўлган S-оқсил эмас, балки N-оқсилга нисбатан антитаналар тести бўлган, шундай экан, ҳатто ушбу маълумотлар асосида антитаналарнинг муҳимлиги ҳақида қандайдир хулоса чиқариб бўлмайди (S-оқсилдан бошқаларига антитаналарнинг клиник аҳамияти ҳақида ҳозирча жуда кам нарса маълум, балки, улар ҳам муҳимдир). Қайта касалланиш қанчалик кўп учраши ва улардан қанчасида симптомлар иккинчи марта оғирроқ бўлиши ҳақида ҳам ҳеч нарса билмаймиз: юқорида тилга олинган бир нечта ҳолатлар — бу статистика эмас, саволга жавоб олиш учун эса шу мақсадга йўналтирилган скрининг дастурларини ишга тушириш ва уларда одамларни узоқ вақт давомида тестдан ўтказиш ва кузатиш керак бўлади. Иккинчи марта касалланган одамлар юқумли бўлиши мумкинми? деган саволга Ивасаки эҳтиёткорона, аммо ижобий жавоб беради: тавсифланган ҳолатларда вирус юкламаси даражаси оддий касалликники билан тўғри келади.Ва ниҳоят, энг муҳим савол қайта касалланиш мумкинлиги вакциналар ишлаб чиқишга қандай таъсир қилиши билан боғлиқ. Бошқача айтганда, қайта касалланиш касал бўлиб ўтган одамнинг вируснинг ўзида антитаналар ишлаб чиқарилган штамми эмас, бошқа штамми билан контакт қилгани билан боғлиқми? Агар шундай бўлса, ва худди шу ҳолат эмланганда ҳам такрорланса (табиий иммунитетда эмас), унда COVID-19 жамоавий назорат остига олиш учун турли вакциналар ҳамда қайта эмлашлар талаб қилиниши мумкин — яъни янги коронавирусга боғлиқ эпидемиологик вазият ҳозир грипп билан боғлиқ вазиятдек бўлади.
Ивасаки ўз изоҳида таъкидлашича, бунинг фойдасига рол ўйнайдиган ҳеч қандай далиллар йўқ: қайта касалланиш ҳолатидаги штаммлар биринчисидан кўп ҳам фарқ қилмаган. Бундан ташқари, иммунолог қайд этишича, ўн минглаб штаммлар устида яқинда олиб борилган эволюцион таҳлил асосида айтиш мумкинки, коронавируснинг ҳозир маълум бўлган барча вариантлари иммунитет нуқтани назаридан жуда ўхшаш, демакки, ягона вакцина яратиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.
Аммо Ивасакининг мақоласидан кейин чиққан мақолада воқеалар ривожининг бошқача вариант тавсифланган бўлиб, унга кўра, келажакда вируснинг турли штаммлари учун бир неча хил вакциналар зарур бўлиши мумкин, бу эса анча ишонарли бўлиб кўринди (мақола ҳозирча тақриздан ўтгани йўқ ва дастлабки вариантда эълон қилинган). Катта халқаро тадқиқотчилар гуруҳи одам ҳужайраси юзасида бевосита АSЕ2 рецептори билан боғланувчи S-оқсил парчасида мутацияни аниқлади. Бу мутация (N439K) ҳозирда турли мамлакатларда айланиб юрган турли вирус линияларида мустақил равишда икки марта пайдо бўлган. Тадқиқотчилар аниқлашича, касал бўлиб ўтганларнинг тахминан 7,4 фоизида бундай мутацияга эга вирус антитаналар билан «оддийси»дан кўра икки марта ёмонроқ боғланади. Аммо айнан N439K мутацияли вирус билан касалланиб ўтганларнинг барчасида антитаналар у билан нормал ҳолда боғланади (бундайлар тадқиқотда жами олти киши бўлган). Бошқача айтганда, мутацияга эга ва эга бўлмаган вирус вариантлари ўртасида иммунологик фарқлар барибир бор, лекин улар ҳамма одамларда ҳам намоён бўлмайди. Мақолалардан келиб чиққанда, бу биринчи шундай ҳолатдир — агар натижалар тасдиқланса, вакцина яратувчилари ўз ишланмаларини янгилашига тўғри келади.
Яхши янгиликлар ҳам борми?
Ҳа. Аммо қайта касалланиш ҳолатларининг ҳақиқий улушини билмаймиз, ҳозирча улар экзотик истисно бўлиб қолмоқда. Масалан, юқорида тилга олинган олтита ҳолатдан ташқари, Қатарда потенциал қайта юқтириш ҳолатларининг кичик тадқиқоти мавжуд. Унда штаммлар генлари ўқилмаган, аммо тестлар статистикасини оддий таҳлил қилиш орқали, муаллифлар шундай хулосага келдики, улар аниқлаган ҳолатларнинг ҳаммаси ҳақиқий қайта касалланиш бўлган тақдирда ҳам, уларнинг содир бўлиш даражаси жуда паст: 133 266 нафар тестдан ўтказилганлардан 54 нафарида қайта касалланиш ҳолати гумон қилинган.Айни вақтда пандемия ривожи учун аввало истисноли ҳолатлар эмас, балки типик (аниқ кўриниб турадиган, асосан учрайдиган) ҳолатлар керак. Ҳозир кўпчилик ҳолатларда SARS-CoV-2 инфекцияси иммун жавоби шаклланишига олиб келиши яхши маълум, аммо фойдаланиладиган тест тизимларидаги фарқлар туфайли турли лабораторияларда олинган натижаларни таққослаш қийин. Яқинда Американинг Маунт-Синай госпитали жуда йирик тадқиқот ўтказди, унда стандартлаштирилган шароитларда Нью-Йоркнинг 30 мингдан ортиқ аҳолисида уммун жавоби таҳлил қилинди, бу одамларнинг бир қисми устида эса беш ойлик узоқ кузатув олиб борилди.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, аксарият ҳолларда тасдиқланган инфекциядан кейин (ҳам енгил, ҳам оғир формасида) антитаналар ишлаб чиқарилади. Одатда антитаналар катта миқдорда пайдо бўлади, антитаналарнинг умумий концентрацияси эса нейтраллаштирувчи антитаналар мавжудлиги билан ўзаро боғлиқ. Бундай антитаналар миқдори аксарият ҳолларда бошқа кўплаб инфекциялар учун ҳимояли деб ҳисобланадиган миқдордан ошади.
Бу маълумотлар қайта касалланиш қоида эмас, балки истисно бўлиб қолади, деб тахмин қилиш имконини беради. Яна бир нечта далиллар ҳам бор:
- «Оддий» коронавирусларни тадқиқ қилиш натижаси нейтраллаштирувчи антитаналар касалланиб бўлганларда йиллар давомида сақланиши ва қайта касалланиш кечишини енгиллаштириши мумкинлигидан дарак бермоқда. Бу ҳолда қайта юқтириш, албатта, барибир мумкин.
- Маймунлар устида олиб борилган тажрибалар SARS-CoV-2 инфекцияси ҳақиқатан ҳам ҳеч бўлмаганда бироз вақт давомида қайта юқтиришдан ҳимояланишини кўрсатди.
- Худди шу нарса ишлаб чиқилаётган вакциналарнинг клиникадан олдинги тажрибаларида ҳам исботланган.
- Ҳайвонлар устидаги экспериментларда эм дори ва моноклонал антитаналар ҳимояни таъминлай олди ва вируснинг репликациясини анча пасайтира олди.
Хулоса. Касалланиб бўлганларнинг иммунитетини узоқ вақт давомида тадқиқ қилиш ҳамда кўнгиллилар вирус билан алоқага киришадиган экспериментлар натижалари ҳақидаги янгиликларни кузатиб бориш керак. Ҳозирча бундай экспериментлар натижалари йўқ, қайта касалланиш ҳолатлари ҳамон экзотика бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)