Пандемия бошидан буён дунё бўйича 52 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинди, деб ёзади «РБК» Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига таяниб.

Фото: Reuters

Касалланганлар сони бор-йўғи бир кеча-кундузда 1 миллионга ошди — 51 миллионлик кўрсаткич ҳақида университет 11 ноябрь куни эълон қилган эди. Ой бошидан буён эса беморлар сони 6 миллион кишига кўпайди.

Барча ҳолатларнинг ярмидан кўпи бешта мамлакат ҳиссасига тўғри келади, булар:

  • АҚШ — 10,3 миллион киши вирусни юқтирган. Бир сутка ичида мамлакатда 145 минг кишида коронавирус аниқланди — бу бутун давр учун рекорд кўрсаткич;
  • Ҳиндистон — 8,6 миллион (+ бир суткада касалланган 44,2 минг киши);
  • Бразилия — 5,7 миллион (+10,9 минг);
  • Франция — 1,9 миллион (+22,1 минг);
  • Россия — 1,8 миллион. Мамлакатда кетма-кет беш кундан буён кунига 20 мингдан ортиқ касалланганлар аниқланди, 11 ноябрь куни бу кўрсаткич 19,8 минг кишигача камайди.

Шунингдек, Испания, Аргентина, Буюк Британия, Италия ва Колумбияда ҳам коронавирусга чалинганлар сони 1 миллиондан ошган.

Дунё бўйича жами 1,28 миллион киши коронавирусдан вафот этган. Энг кўп қурбонлар АҚШда (240,9 минг), Бразилияда (163,3 минг) ва Ҳиндистонда (127,5 минг).

Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 5 октябрь куни 35 миллиондан, 11 октябрь куни 37 миллион, 14 октябрь куни 38 миллион, 19 октябрь куни 40 миллион, 22 октябрь куни 41 миллион, 5 ноябрь куни 48 миллион, 9 ноябрь куни 50 миллион кишидан ошганди.