Россиянинг чипталарни излаш хизматини таклиф этувчи Aviasales компанияси барча ходимларга офисдан ёки масофадан туриб ишлашни танлашга имкон берди. Коронавирус пандемияси тугагандан сўнг бу имконият бекор қилинмайди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Компаниянинг кадрлар бўйича директори Полина Гавранинг таъкидлашича, пандемия сабабли ўтган олти ой давомида кўпчилик ходимлар масофадан туриб иш олиб борган, уларнинг офисда йўқлиги иш сифатига таъсир қилмаган.
«Жойга боғлаш — бу ибтидоийлик. Роҳат олиб ишлаш керак. Агар сиз ўзингиз ёқтирган нарсани қилсангиз, қаерда бўлишингиз муҳим эмас: уйда, бизнинг юқори даражадаги офисларимиздан бирида, Барселонадаги коворкинг марказида ёки Бразилиядаги ижарага олинган квартирада», — дея таъкидлаган Полина Гавра.
Компаниянинг PR директори Янис Дзениснинг айтишича, компания Россияда биринчилардан бўлиб ўз ходимларига ушбу вариантни таклиф қилган. «Россияда ҳали ҳеч бир йирик компания доимий масофадан ишлаш имконияти ҳақида гапирмаяпти», — деди Aviasales вакили.
Коронавирус пандемияси фонида кўплаб компаниялар ўз ходимларига уйдан ишлашга рухсат берди. Ушбу қарорларнинг аксарияти вақтинча — чекловлар бекор қилиниб, касалланиш ҳолатлари камайгач, улар яна иш жойларига қайтиши керак.
Пандемиядан кейин ишчиларга масофадан ишлашга рухсат берган биринчи йирик компания Twitter бўлди, компания май ойида шундай қарорга келган. Октябрь ойида эса Reddit ўз ходимларига ушбу имкониятни таклиф қилган.
Изоҳ (0)