Ҳиндистонда коронавирусга қарши Covaxin вакцинаси синовининг учинчи – якуний босқичи бошланди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ» NDTV’га таяниб. Препарат Bharat Biotech компанияси томонидан Ҳиндистон тиббий тадқиқотлар кенгаши (ICMR) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Вакцина синови Ҳиндистондаги 25 та тиббий марказда 26 минг нафар кўнгиллида ўтказилади. Иштирокчиларга йўл харажатлари тўланади, бошқа имтиёзлар ҳам кўзда тутилган.
Covaxin вакцинаси 800 га яқин киши иштирок этган дастлабки икки босқич муваффақиятли якунлангандан сўнг тасдиқланган.
Ҳиндистонда яна иккита вакцина синовдан ўтказилмоқда: Covishield (Оксфорд университети ва Британия–Швециянинг AstraZeneca компанияси томонидан ишлаб чиқилган) ва ZyCoV-D (Ҳиндистоннинг Zydus Cadila фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган).
Октябрь ойида Ҳиндистон Россиянинг «Sputnik V» вакцинаси клиник синовларининг иккинчи ва учинчи босқичлари ўтказилишини маъқуллаганди.
Изоҳ (0)