Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатидаги ҳовуздан ёрқин сариқ рангли ноёб албинос-тошбақа топилди, деб хабар беради New York Post.
«Бугун Бурдванедаги ҳовуздан сариқ тошбақа қутқариб олинди», — деб ёзади Ҳиндистон Ўрмон хизмати ходими Дебашиш Шарма ўзининг Twitter’даги саҳифасига.
Ушбу тошбақа Ҳиндистонда учрайдиган куракли тошбақалар (Lissemys punctata) турига киради. Унинг чаноғи одатда сариқ чизиқларга эга яшил-жигарранг, қоринчаси оқ-сариқ рангда бўлади.
Ноодатий ёрқин ранг организмдаги барча пигментларнинг йўқ бўлишига олиб келган генетик касаллик сабаб юзага келган. Бу каби ҳодиса хроматик лейкизм дейилади. Шу билан бирга, биологларнинг фикрича, бундай ранг тошбақа ҳаётини мураккаблаштиради: у сувда яширинишга қийналади.
Интернетда олимларнинг ушбу топилмаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди: фойдаланувчилар тошбақани эриган пишлоқ ва оқиб кетган тухум сариғига ўхшатмоқда.
Сариқ тошбақалар охирги марта бир неча бор Жанубий Осиёнинг турли қисмларидан топилган.
Изоҳ (0)