Дўстликда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Агар икки томон ҳам бир-бирига самимий муносабатда бўлса, қандай кўринишда бўлиш муҳим эмас. Австралияда яшовчи Чампи ва Моррис етти йилдан буён дўст бўлиб келмоқда ва улар юқоридаги фикрнинг ҳақиқий исботидир.
Уларнинг эгаси Женнифер Бойл. У мушук – Моррисни уйсиз ҳайвонлар сақланадиган жойдан олиб келган. «Мен уни уйга олиб келганимда Чампи билан яқин дўст бўлишига ишонардим. Моррис ўша заҳоти унинг устига миниб олди, Чампи эса бундан завқланиб уни айлантира бошлади», − дейди Женнифер.
Ушбу ҳолат Чампи ва Морриснинг эрталабки маросимига айланди. Ҳар куни тонг отганда Моррис панжара ёнидаги устунда отни кутади. Оила эса у ерни «Автобус бекати» деб атайди.
Албатта, дўстлар бир-бирини жуда яхши кутиб олади. «Чампи жуда меҳрибон автобус, − дейди Женнифер. – Кейин Моррис отга бир сакраб миниб олади ва улар биргаликда эрталабки машқларни бажаради».
Баъзан уларнинг шунчаки бирга дам олаётганини кўриш мумкин. Чампининг бели мушукнинг энг севимли дам олиш жойи ҳисобланади.
Женнифернинг айтишича, мушук уйқуни қанчалар ёқтирмасин, эрта тонгда дўсти билан учрашишга шай туради. Гоҳида турли ҳайвонлар бир-бирлари учун ҳақиқий оилага айланади.
Изоҳ (0)