«Андижон» футбол клуби устози Бахтиёр Ҳамидуллаев истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига янги бош мураббий тайинланди.
«Андижон» матбуот хизматининг маълум қилишича, жамоани бундан кейин Отабек Ғуломхўжаев бошқариб боради.
Ғуломхўжаев 2015–2016 йилларда Ўзбекистон U-16 терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида иш юритган. 2018–2019 йилларда эса Ўзбекистон U-19 терма жамоасига устозлик қилган. Мутахассис U-19 Осиё Чемпионати саралаш босқичи доирасида Саудия Арабистони (U-19) терма жамоасига қарши ўйиндаги ҳаракатлари учун ОФК талабига биноан ЎФА томонидан истеъфога чиқарилганди. Кейинчалик мураббий «Навбаҳор» клубида селексионер мураббий сифатида фаолият юритди.
Ғуломхўжаев 2001–2002 йилларда «Андижон» жамоасида тўп сурган.
Маълумот учун, «Андижон» 2020 йилги мавсум ҳисобидан учинчи марта мураббий алмаштирди. Мавсумни Андрей Микляев қўл остида бошлаган жамоа қониқарсиз натижалар сабаб мураббийни ишдан олди ва унинг ўрнига Виктор Кумиковни жалб қилди. Кейинчалик россиялик мутахассис ўрнини Бахтиёр Ҳамидуллаев эгаллаганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)