Грузия бош вазири Георгий Гахария коронавирусга топширган тести ижобий натижа берди. Бу ҳақда Грузия телеканалларига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
У уйда даволанади. Ҳукумат матбуот хизмати хабарига кўра, бош вазир ўзини яхши ҳис қилмоқда.
Гахария қўриқчиларидан бирида коронавирус аниқлангач 31 октябрь куни ўз-ўзини яккалаш режимига ўтган эди.
Мансабдор 45 ёшда бўлиб, ҳукуматга 2019 йил сентябридан буён раҳбарлик қилиб келмоқда.
Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Натия Турнава ҳамда Грузия ҳукумати маъмурияти раҳбари Натия Мезвришвили ҳам айни пайтда ўз-ўзини яккалаш режимида.
31 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтди. «Грузия орзуси — демократик Грузия» ҳукмрон партияси ғолибликка эришди. МСК ҳисоб-китобларига кўра, ҳукмрон партия 48 фоиздан ортиқроқ овоз тўплаган. «Ягона миллий ҳаракат» мухолифат партияси эса 27 фоизга яқин овоз тўплаган. Грузия мухолифати сайловларни сохталаштирилган деб ҳисобламоқда. Мухолифат партиялар етакчилари халқаро кузатувчилардан парламент сайловларини қонуний дея тан олмасликни сўраш ниятида.
Изоҳ (0)