Навоийда икки нафар ака-ука ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълумотларга кўра, 30 октябрь куни Навбаҳор тумани «Пахтакор» маҳалласида яшаган икки нафар вояга етмаган ака-ука (2004 йилда туғилган, коллеж талабалари) уйининг ётоқхонасига ўрнатилган газ печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқандда қўлбола печдан ис гази сизиб чиқиши оқибатида ёш эр-хотин вафот этгани хабар қилинганди. Кейинроқ улар икки кун аввал турмуш қургани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)