Россияда ердан, ҳаводан ёки космосдан юборилган лазер нурларидан энергия олишга қодир квадрокоптер яратилди. Қурилманинг имкониятлари ҳақида Федерал саноат мулки институти томонидан тарқатилган патентда сўз боради, деб ёзади «Korrespondent.net».
«Ерга, ҳаво ёки космик станция бошқарувига жойлаштирилган лазер нурларини генерация қилиш тизимининг электромагнит нурлари шаклланиш ва кузатиш тизимлари орқали белгиланган параметрлар орқали лазер тутамини ҳосил қилади ҳамда қидирув, кузатув, йўналтирув тизими орқали квадрокоптер корпусига юборилади», — дейилади Энергия ракета-космокс корпорацияси томонидан олинган патентда.
Лазер нурлари тутами фотоэлектр ўзгартиргичга йўналиб, фотоэлементлардан ўтади ва чиқиш жараёнида фотоэлектр токига айланади. Ўз навбатида у электромоторлар учун зарур бўлган, винтларни ҳаракатга келтирувчи ўзгарувчан токка айланади.
«Квадрокоптернинг парвози вақтида лазер нурининг электромагнит энергиясини электрга айлантириши билан бир вақтда иссиқлик алмашинуви жараёни ҳам содир бўлади», — дейилади ҳужжатда. Натижада иссиқликнинг бир қисми ҳавога тарқалса, бир қисми корпуснинг юқори юзаси бўйлаб тақсимланади. Шу орқали ҳаво ҳароратининг пластиналар бўйлаб анча тенг тақсимланиши таъминланади.
Квадрокоптердан куннинг исталган вақтида фойдаланиш мумкин. Ундан катта тезликдаги парвозлар талаб қилинмайдиган, бироқ тадқиқот объекти устида узоқ вақт кузатиш керак бўладиган вазиятларда фойдаланса бўлади.
Изоҳ (0)