Samsung концерни раиси вафотидан кейин 15,6 миллиард долларлик активларни мерос қилиб қолдирди. Yonhap нашрининг ёзишича, меросхўрлар ушбу маблағларнинг ярмини солиқ тарзида тўлашига тўғри келади.
2020 йил 25 октябрда Жанубий Кореяда вафот этган Samsung концерни раиси Ли Гон Хининг меросхўрлари мерос учун рекорд даражада катта солиқ тўлайди.
Ли Гон Хи меросни беваси ва уч фарзандига қолдирган. Ўғли Ли Чже Ён охирги беш йилдан буён Samsung’ни бошқармоқда, шунингдек, миллиардернинг икки қизи Ли Бужин ва Ли Со Хён ҳам бор.
Концерннинг марҳум раҳбари Samsung Electronics Cо. флагман компаниясининг 4,18 фоиз акциялари, шунингдек, 0,08 фоиз имтиёзли акцияларига эгалик қиларди. У Samsung Life Insurance Cо.нинг 29,76 фоиз акциялари, Samsung C&Т Cоrp.нинг 2,88 фоиз ва Samsung SDS Co’нинг 0,01 фоиз акциялари эгаси эди.
Ли вафотидан кейин 18 триллион вонлик активлар (тахминан, 15,6 миллиард АҚШ доллари) мерос бўлиб қолмоқда. Yonhap’нинг солиқ тизимидаги экспертларга таянган ҳолда ахборот беришича меросхўрлар акциялар учун тахминан 10 триллион вон (8,87 миллиард доллар) тўлаши талаб этилади.
Samsung раҳбарининг оиласи ушбу солиқларни бир неча йил давомида тўлаш ҳуқуқига эга: Жанубий Корея қонунчилигига кўра тўловлар беш йил ва ундан ортиқ муддатда бўлиб тўланиши мумкин. Аввал 2018 йилда вафот этган LG Group раҳбари Ку Бон Мунинг меросхўрлари солиқларни шундай тарзда тўлаганди.
Ли Гон Хи 78 ёшда вафот эди. У 2014 йилда юрак хуружига учраган, шундан кейин миллиардернинг соғлиғида муаммолар кузатила бошлаган эди. Ли соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб концерн бошқарувини ўғлига топширган.
Ли Гон Хи — Samsung асосчиси Ли Бен Чхолнинг ўғли. У 1987 йилда отасининг вафотидан кейин компания бошқарувини қабул қилиб олган, 1993 йилдан бошлаб ғарбча сиёсат асосида корпоратив ислоҳотларни амалга оширганди. Ли бошқаруви остида Samsung 25 йил ичида Корея ишлаб чиқарувчиси даражасидан жаҳон бозорида электротехника маҳсулотлари бўйича етакчи компаниялар қаторига кирган.
Изоҳ (0)