Ўзбекистонда пандемия сабабли юзага келган оғир шароитда одамларни иш билан таъминлаш режаларини бажармаган, ялпи ишлаб чиқаришда режалаштирилган кўрсаткичларга эришмаган тармоқ раҳбарлари, ҳудуд раҳбарлари ишдан олинади ва жиноий жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари барча шароитлар яратиб берилган бир пайтда мавжуд имкониятлардан фойдаланмаган раҳбар қандай ишлаши мумкинлиги ҳақидаги саволни ўртага ташлади.

«У ҳозирги сиёсатга хиёнат қиляпти. Улар ҳозирги оғир шароитимизни тушунмаётган одамлар. Дунёқараши ўзгармаган, ватанпарварлиги йўқ, фақат ўзини ўйлайди. Коррупция ва олдинги тизим бўлса, кўпларга маъқул. У тизим бошқа бўлмайди. Давлат корхоналари қолмайди. Давлат корхоналари қолдими, биз кўзланган марраларга ета олмаймиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг қайд этишича, кўп раҳбарлар коррупцияга қарши кураш масаласига эътибор қаратмаяпти.