Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси (КМФ) собиқ раҳбари Нурхон Нафасов ташкилот раҳбарлигига қайтди.

Фото: МОҚ

Фото: МОҚ

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси (КМФ) раҳбарлигидан ноқонуний бўшатилган деб топди ва уни лавозимга тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди, дея хабар қилмоқда «Xabar.uz».

1996—2006 йиллар мобайнида мазкур федерацияни бошқарган Нафасов ўн икки йиллик танаффусдан сўнг (2018 йил, май) яна Ўзбекистон КМФ раҳбарлигига сайланганди. Бироқ орадан тўрт ой ўтмай, у можароли тарзда лавозимдан четлатилган.

Ўша вақтда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) Нафасовга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилади. МОҚ мутасадди ташкилотга ажратилган 125,56 миллион сўм пул маблағини мақсадсиз ва ортиқча ишлатганлиги, шунингдек, спортчилардан олинган бадал пуллари талон-торож қилингани ҳақида ёзади.

Бироз ўтиб Бош прокуратура Каратэ миллий федерацияси мансабдорлар шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, аммо Нурхон Нафасов гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинмаганини маълум қилади.

2019 йилнинг август ойида Нурхон Нафасовнинг Каратэ федерацияси президентлигидан олиниши ҳақидаги қарор суд томонидан ғайриқонуний деб топилади.

Бироқ шундан кейин ҳам Каратэ федерациясидаги ҳолат барҳам топмайди. 2019 йилнинг декабрида КМФда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилади ва унда аввалроқ Нафасов ўрнига сайланган Аламжон Муллаев федерация раҳбарлигида қолиши белгиланади.

Шундан кейин Нафасов яна судга мурожаат қилади ва КМФнинг юқорида айтилган йиғилишида чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиб ва ўзини КМФ раҳбарлигига қайта тиклашни сўрайди.

Суд, юқорида айтилганидек, даъвони қаноатлантириб, конференция баённомаси ва йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда Нурхон Нафасовни федерация раислигига тиклаш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарди.

Айтилишича, даъвогар судда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш талабини қўймаган. Қонунчиликка кўра, ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори дарҳол ижро этилиши керак.

Маълумот учун, 2020 йил бошида Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг (эндиликда собиқ) раҳбари Муллаев ва бошқа мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш) бўйича жиноий иш очилганди. Бугунга келиб, жиноят ишининг бир қисми суд муҳокамасига юборилган. Қолган қисми бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Нурхон Нафасов Марказий Осиёда каратэ бўйича қора белбоғ 6-дан соҳиби бўлган илк ва ягона спортчидир. У 1996—2006 йиллар оралиғида федерация президенти бўлган. Бу даврда жуда кўплаб чемпионлар етишиб чиққан. Республика бўйлаб каратэ билан шуғулланувчилар сони 70 мингдан ортиб кетганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маданият
«Худодан қўрқмаган одамдан қўрқдим». Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов оилавий низолар туфайли ижара уйда яшамоқда (видео)
Маҳаллий
«Одамлар ўлимида ўзимни айбдор ҳисобламайман» — Нукусдаги тартибсизликлар етакчиси Даулетмурат Тажимуратов
Маҳаллий
Самарқандда ўқувчининг онаси «замдиректор»ни калтаклади