Францияда ўтган бир кеча-кундузда 32,4 мингдан ортиқ киши коронавирусга чалинди, бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади, деб хабар бермоқда «Korrespondent.net» мамлакатдаги Sante Publique санитария агентлигига таяниб.
Бунгача бир кеча-кундузда COVID-19’га чалиниш билан боғлиқ энг кўп ҳолат 30 мингтани ташкил этар эди.
Францияда эпидемия бошидан буён касалланганларнинг умумий сони 867 мингдан ошди, 33 392 киши вафот этди. Ўтган 24 соат ичида мамлакатда коронавирус туфайли 90 киши ҳаётдан кўз юмди.
Бир ҳафта ичида касалхоналарга 7198 нафар COVID-19’га чалинган бемор келиб тушган, уларнинг 1269 нафари — реанимацияга ётқизилган.
Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Парижда ва COVID-19 билан касалланиш даражаси юқори бўлган мамлакатнинг бошқа шаҳарларида комендантлик соатини жорий қилиш ҳақида буйруқ берган эди. Шунингдек, Францияда COVID-19 эпидемияси сабаб жорий қилинган умумий ўз-ўзини изоляциялаш тартиби давлатга, тахминан, 15 миллиарддан 20 миллиард еврогача зарар келтираётгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)