Россия ҳукумати 1 ноябрдан бошлаб яна учта давлат — Сербия, Куба ва Япония билан авиақатновларни тиклайди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Бундан ташқари, Россия Беларусь, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мальдив ороллари билан парвозлар частотаси ва географиясини кенгайтиради. Шу тариқа, авиакомпаниялар Москва—Минск йўналиши бўйича ҳафтасига битта рейс ўрнига учта рейсни амалга ошириши мумкин.
Россия коронавирус пандемияси сабабли тўхтаб қолган халқаро авиақатновларни август ойидан қайта тиклашни бошлади. 1 августдан бошлаб Россиядан Буюк Британия, Танзания ва Туркияга парвозларни амалга оширишга рухсат берилган. Сентябрь ойининг бошида Россия Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мальдив ороллари билан икки томонлама авиақатновлар тикланишини маълум қилганди. Ҳозирги пайтда Россиядан Буюк Британия, Швейцария, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Мальдив ороллари ва Танзанияга парвоз қилиш мумкин.
Аввалроқ Россия ҳукумати мамлакатнинг яна 4 та шаҳридан хорижга парвозларни амалга оширишга рухсат берганди.
Изоҳ (0)